Автор:
Алишер Алохунов Камола Фармонова (Фергана, Узбекистан)
Фарғонани қадим қадимдан жаҳон аҳли Марказий Осиёнинг марвариди деб атаб келишган. Бу ҳудуд (Даван) қадимги инсоният цивилизациясининг бешикларидан бири бўлганлигини нафақат Хитой тарихчилари ёзиб қолдирган хабарлар, балки археологик топилмалар ҳам исботлаб туради.
Фарғонанинг Селенғур ғоридан (Сўх тумани) топилган манбаларнинг мукаммал даражада ўрганилиши натижасида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё халқлари учун оламшумул тарихий аҳамиятга эга бўлган илмий хулосалар олинди. Натижада бу ҳудудда инсоният тарихи юз минг йилдан бир ярим миллион йилга узайтирилди. Ҳозирда унча катта бўлмаган мазкур ҳудудда тош даврига оид 120 та, мезолит даврига оид 80 дан ортиқ манзилгоҳ топиб ўрганилган. Фарғона ҳудуди тоғ қояларига ўйиб ишланган суратларнинг сони 1000 дан ошиқни ташкил этади. Уларниг ёши 4 минг йилдан кам эмас.
Бу ноёб археологик топилмалар Фарғона водийсида дастлаб одамни пайдо бўлиши ва яшаш тарзи қандай бўлганлиги тўғрисида қимматли маълумот берса-да, аммо ўлкада юз берган маданий ривожланиш жараёнини даврлаштиришга хизмат қилмайди. Бунинг учун Фарғона водийсининг қадимги маданияти тарихи устида иш олиб борган тарихчи, археолог ва этнограф олимларнинг қарашларини, фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ўринда А.Н.Бернштам, Б.А.Латинин, Б.А.Литвинский, Ю.А.Заднепровский, Н.Г.Горбунова, Г.П.Иванов, А.А.Асқаров, Э.Б.Қодиров ва бошқаларнинг илмий асарлари ва мақолалари мавзуга оид жиддий хулосаларни беради.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, қадимги Фарғона маданиятини ўрганиш ва тадқиқ этишга қаратилган кўплаб илмий ахборотлар ва монографик нашрлар эълон қилинган. Кейинги 90-100 йил давомида (Б.А.Латининнинг биринчи археологик қазишмаларидан кейин) тадқиқотчилар томонидан кўпдан кўп археологик ёдгрликлар очилиб ва ўрганилиб Фарғонанинг археологик харитаси тўлдирилган. Кўп масалалар ўз ечимини топган бўлса-да, Г.П.Иванов ҳақли равишда эътироф этганидек, эрамиздан аввалги II минг йилликдан милодий I аср бошларигача бўлган даврдаги Фарғона аҳолиси маданияти тараққиётининг динамикаси, Фарғона маданияти хронологияси ва даврлаштириш масалалари ҳал этилмаган.
Ўрта Осиёда, шунингдек, қадимги Фарғона водийсида дастлабки цивилизация, қадимий маданият деҳқончилик ва чорвачилик тараққиёти билан бевосита боғлиқликда шаклланиб ҳамда ривожланиб борган. Европа тадқиқотчилари буни “ишлаб чиқаришнинг Осиё усули” деб атаганлар, яъни, бу назарияга кўра деҳқончилик бу ерда мутлоқ равишда сунъий суғориш тизимига асосланганлиги туфайли аҳоли, жамоа асосан сув оқимлари, дарёлар, сойлар, ариқлар ёқаларига жойлашган ва ҳаёт кечирганлар. Бундай табиий географик муҳит уларнинг маданиятини шаклланишига, турли хил қабилаларнинг ўзаро алоқаси ва яқинлашувига катта таъсир кўрсатган. “Водийнинг турли районларида турли қабилаларнинг пайдо бўлиши, - деб ёзади Н.Г.Горбунова, бир томондан улар маданиятини аста секин баробарлашувига, иккинчи томондан маҳаллий фарқ тафовутларини келиб чиқишига шароит яратди. Буларнинг барчаси бирликда Фарғонанинг бутун тарихига хос бўлган жуда ранг-баранг этнографик харитасини вужудга келтирди”. Шундай қилиб, Н.Г.Горбунова қадимги Фарғона маданиятини (этнографиясини) илк шаклланишини табиий иқлим ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар билан боғлиқ ҳолда тушунтирадики, бу тарихий ҳақиқатга тўғри келади.
Қадимги Фарғона маданиятини даврлаштириш масаласида аксарият муаллифлар Хитой манбаларига таянадилар. Фарғонанинг географик жойлашуви, аҳолиси, хўжалиги тўғрисидаги маълумотлар хитойлик саёҳатчи Чжан Цяннинг қўлёзма хотираларида учрайди, хусусан, Давон ҳақида қиссада бу ердаги халқлар, уларнинг афсонавий тулпорлари ҳақида ҳикоя қилинади. Унда айтилишича, Давон (Фарғона) да мустаҳкамланган қўрғонлар бўлган, аҳоли деярли 60 минг оиладан, 300 минг кишидан иборат бўлиб, ўтроқ турмуш кечирган, шаҳар ва қишлоқларда яшаган. Деҳқончилик билан бирга кулолчилик ва хунармандчилик билан шуғулланган.
Демак, қадимги хитой саёҳатчиси Чжан Цян саёҳати натижасига кўра, ҳамда тадқиқотчи Н.Г.Горбуноваларнинг эътирофларига кўра қадимги Фарғона маданиятининг биринчи даври эрамиздан олдинги II-I асрлар бўлган. Бундай ёндошиш албатта, нисбий ва тугал хулоса эмас. Кўп йиллар Фарғона водийсида археологик изланишлар олиб борган В.М.Массон, Ю.А.Заднепровскийлар қадимги Фарғона маданиятини бошқача даврлаштиради. Масалан, қадимги Чуст маданияти тўғрисида бу маданият асл шу ернинг ўзида вужудга келган ва маҳаллий аҳоли томонидан яратилган, деган фикрни билдиради, В.Массон, Ю.Заднепровский ушбу фикрга қўшилган ҳолда, Чуст маданияти сўнгги бронза даврига тааллуқли, у эрамиздан аввалги X-VIII асрларга тўғри келади, чўл кўчманчи аҳолининг кўчиши ва ўтроқлашуви натижасида шаклланган деган фикрни илгари суради. Аммо Ю.Заднепровский Чуст маданиятига қадар қадимги Фарғонада асл деҳқончилик маданияти бўлмаган, деб ноаниқ фикр юритади. Бу фикрга эътироз билдириб Г.П.Иванов шундай далилни илгари суради: “Қадимги Қайроқум манзилгоҳлари илк ва кейинги даврларга ажратилади, кейинги манзилгоҳлардан топилган сопол буюмлар Эйлатон кулолчилигига ўхшаш келади,” - деб ёзади.
Фарғона археологиясига оид адабиётларда Чуст маданияти ўрнига (шунингдек чўл бронзаси) Эйлатон – Оқтом маданияти келади, бу эрамиздан олдинги VII-IV асрларга тўғри келиб, кескин маданий ўзгаришларни ифодалайди: бронза ўрнига темир қуроллари, кулолчилик муҳитида ишлаб чиқилган идишлар, сопол идишларга чизилган турли хил расмлар, алоҳида қабрлар, кўтарилиб қуриладиган мозорлар, қабрларга турли хил ашё, мол-мулк билан кузатиш каби расм-русумлар маданиятга кириб келади.
Эйлатон – Оқтом маданияти кўчманчи аҳолини аста-секин ўтроқлашуви натижасида шаклланган ва маҳаллий аҳолининг ўтроқ деҳқончилик маданияти билан баробарлашган. Чуст маданияти ўрнига келган Эйлатон – Оқтом маданияти бу уни Чуст маданияти давридан сақлаб қолган Фарғонанинг азалий деҳқончилик маданияти билан қўшилишининг маҳсули бўлди. Кейинги йилларда водийнинг шимолий ва жанубий-шарқий қисмларида кейинги бронза даврига оид манзилгоҳларда олиб борилган археологик қазилмалар эрамиздан аввалги VIII асрга келиб бу ерларда ҳаёт тўхтаган, - дейди Г.П.Иванов. Ушбу ҳодисани, янги чорвачилик аҳолини Фарғонага келиши ва Чуст маданиятини Эйлатон – Оқтом маданиятига ўтиши билан изоҳлайдилар. Фикримизча деб ёзади Б.А.Латинин, - бу ҳодиса фақат чорвачилик аҳолисини келиши ва чустликларни ерларидан сиқиб чиқарилиши билангина боғлиқ эмас, ер майдонларини қайта ишлш билан кўпроқ боғлиқ бўлган.
Шундай қилиб қадимги Фарғона маданиятининг биринчи тарихий даври, археолог-тарихчи олимларнинг хулосалари бўйича қуйидаги даврларни қамраб олади:
-
эрамизгача X-VIII асрлар – чўл кўчманчи аҳолини кўчиши ва ўтроқлашуви, сунъий суғоришга ва деҳқончиликка ўта бошлаши;
-
эрамиздан аввалги VII-IV асрлар Эйлатон-Оқтом маданиятини Чуст маданияти ўрнига келиши;
-
эрамиздан аввалги II-I асрлар Фарғона (Давон) маданиятини шаклланиши;
-
мелодий I-IV (Кушон даври) асрлар, деҳқончилик, чорвачилик, узумчилик, полизчилик маданиятини ривожланиши. Бу даврнинг охирларига келиб Фарғона аҳолиси ипакчилик ва кончилик билан ҳам шуғуллана бошлаган.
Қадимги Фарғона маданияти бу даврда савдо, кончилик, ипакчилик ривожланиши билангина эмас санъат, кулолчилик ривожланиши билан характерланади.
Литература
-
Ў.И.Исломов. Жанубий Фарғонанинг тош даврига оид янги маълумотлар. Марғилон шаҳрининг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни. Т.: “Фан”, 2007, 13-бет
-
Фарғона ўлкашунослиги. Фарғона шаҳри, 1996йил, 115-б.
-
Ферганская долина: природа, насиление, хозайства. Ленинград, 1989, с 5.
-
Г.П.Иванов. Проблемние вопросы периодизации культури древней Ферганы. “Фарғона ўлкашунослиги” номли китобда. Ф. 1996, 116-б.