Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ЎЗБЕКИСТОНДА ВА ХОРИЖДА ЕТИШТИРИЛАДИГАН ТУРЛИ ХИЛ ОЛМА НАВЛАРИДАГИ Ғе (темир) МИҚДОРИНИ ҚИЁСИЙ ЎРГАНИШ

Автор: 
Мадина Маматқулова (Самарканд, Узбекистан)

Бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлиги биринчи ўринда турган долзарб муаммолардан бўлиб ҳисобланади. Рационал овқатланиш ва темирга бой бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш туфайли бутун дунёда кенг тарқалаётган анемияни олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, анемияни олдини олишда темир моддасига бой бўлган қора нон, яшил олма кабилардан фойдаланиш ижобий самара бермоқда [1, c 49].

Айниқса олма истеъмол қилиш орқали анемияни олдини олиш ҳам ҳар томонлама қулайлиги билан ажралиб туради. Абу Али ибн Сино ҳам ўзининг машҳур «Тиб қонун» лари асарида ҳар куни бир ёки икки дона олма истеъмол қилиш инсонни ҳар хил касалликлардан фориғ қилади деб таъкидлаб ўтган эди. Олма меваси – кўплаб беқиёс дармондорилар ва микроэлементлар манбаи ҳисобланади. Таркибида 15% гача қанд, лимон кислотаси, темир, калий, мис, витамин B, В2, РР, А-провитамини ва фолат кислотаси мавжуд. Аммо унинг энг қимматли жиҳати таркибида аскорбин кислотаси (Витамин С) ва пектин моддаси мавжудлигидадир [3, c 1].

Истеъмол қилинган олма ҳали ошқозон-ичак тизимида турган дамлардаёқ пектин моддаси ёрдамида холестеринни 10-15фоизга камайтиришни уддалай олади. Бу даво жараёни қонга сўрилгач яна давом этади. Натижада, қон томирлардаги атеросклеротик пилакчалар пайдо бўлиши кескин камаяди ва юрак-қон томир ҳамда бошқа тизимлардаги хасталикларнинг урчишига йўл қўйилмайди [3, с 1].

Олманинг қип-қизил ёхуд сап-сариқ бўлиб, ғарқ пишганини кўпчилигимиз хуш кўрамиз, албатта. Аммо бу тиббий нуқтаи-назардан қаралганда тўғри эмас. Чунки, айнан кўм-кўк ва нордон олма шифобахшликда етакчи ҳисобланади. Кўк ранг олма таркибида пектин мўл ва “оқ заҳар”га тенгланадиган қанд моддаси кескин камлиги боис, беназирдир. Қизил, қирмизак олма фойдали жиҳати бўйича кўк ранглидан кейинги ўринда туради. Сариқ ранг, ёхуд оқиш-ширин олмалар эса шифобахш жиҳатлари бўйича энг қуйи ўринда туради [3].

Тиббий нуқтаи-назардан қаралганда олма албатта пўсти билан ейилиши лозим. Чунки пўстлоқ таркибидаги клетчатка овқат ҳазмида муҳим ижобий ўрин тутади. Семизлик, қандли диабет, қабзият, ичакдаги турли хил издиҳомлар вужудга келмаслигида беназир неъмат ҳисобланади. Фақат болаларгагина гигиеник нуқтаи-назардан ва уларда чайнаш рефлекси тўлақонли шаклланмаганлигини назарда тутган ҳолда пўсти арчиб берилади. Олма нафақат хушхўр мева сифатида балки шифобахш неъмат сифатида азалдан қўллаб келинган. Халқ табобатида бу мева билан қуйидаги касалликларни даволашган: [1, c 49, 3, c 1].

1) олма меваси билан пешоб йўли тошлари туширилган;

2) ошқозон-ичак яллиғланиши даволанилган;

3) сурункали бод касаллигини даволашда қўл келган;

4) овоз бўғилишида ҳам бу мева беназир восита ҳисобланган.

Замонавий табобат олма мевасининг қатор микробларга қирон келтиришини, қон ҳаракатини маромга солишини, паришонхотирлик, мия ҳорғинлигини кетказишини эътироф этган. Шунингдек, подагра ва дизентерия касалликларида олмали парҳез қўл келиши исботланган. Энг мазали ва дармондорига бой мевалар офтоб тиғида қизариб пишганидир. Олма таркибида В1, В2, В6, С, К, Р, Е витаминлари, фоли кислота, каротин, калий, кальций, фосфор, йод, пектин, сахароза, темир моддалари ва органик кислоталар мавжуд [3, c 1]. Унинг таркибидаги темир моддаси эса камқонликда гемоглобин миқдорини оширишда ёрдам беради. Танадаги ортиқча холестеринни камайтиради. Шунингдек, овқат ҳазмини яхшилаб, ичак микрофлорасини тиклайди. Олма қоқиси эса глюкозага бой бўлиб, бир қанча микроэлементлар мажмуасидан иборатдир.

Қуритилган олма ўзида фойдалилик хусусиятини сақлаб, кўпгина микроэлементларга тўйинган бўлади. У нафақат фойдали балки мазали ҳамдир. Болажонларнинг милк ва тишлари учун ҳам олма ниҳоятда фойдалидир. Бу уларнинг тиш ва унинг эмал қавати мустаҳкамлигини таъминлайди. Олмадаги пектин моддаси эса организмдан токсин (заҳар) ларни ҳайдайди. Клетчатка боланинг ичини равон келтиришга хизмат қилади.

Олма шарбати бола организмига ҳеч қандай салбий таъсир этмайди. 6 ойлик болаларга олмани қирғичдан ўтказиб бўтқа (пюре) кўринишида бериш мумкин. 2-3 ёшга тўлган болакай мустақил равишда ўзи олмани истеъмол қила олади. Катта ёшдаги болалар ҳар куни 1 стакан олма шарбати ичишлари лозим. Ҳар куни бир дона олма ейиш юракка қувват бағишлаб, ични равон келтиради. Олмани кўп танов­вул қилиш инсонни ёшартиради. Сабаби олма таркибидаги бир қанча антиоксидант моддалар танамиздаги радикал токсин заҳарли моддалардан тозалайди. Бу эса организм­ни ёшаришига олиб келади [3, с 1].

Шу боис бизлар Самарқанд давлат университети микроэлементлар илмий лабораториясида Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда етиштириладиган турли олма навларидаги темир (Ғе) миқдорини лаборатория шароитида аниқлашга киришдик (1-жадвал).

Турли хил олма навлари

Ғе ( мг/ кг )

1.

Семеренко (катта)

100

2.

Семеренко (кичкина)

93.8

3.

Эрон олмаси

85.9

4.

Кремсо (Бахмал) олмаси

81.9

5.

Жаннатой

73.9

6.

Беш юлдуз

67.9

7.

Голд

66.0

Тадқиқотлардан олинган натижалардан (1-жадвал) кўриниб турибдики, энг кўп темир яшил рангли йирик семеренко навида бўлар экан. Эрон олмаси эса ўз таркибида 85,9 мг (мг/кг) темир тутишига кўра семеренкодан кейинда туриши аниқланди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўсадиган «Бахмал» олмаси, «жаннатой» номли олма, «голд», «беш юлдуз» каби олма навлари ҳам темир тутишига кўра семеренкодан кейинда туриши аниқланди.

Микро ва макро элементларни Атом абсорбцияси усули билан ”Сатурн” спектрофотометрида аниқлаш.

Анализ олиш учун тайёргарлик:

Таҳлилни амалга ошириш учун ишни олмаларимизни ҳар биридан 1-5 гр дан олиб, қуритиладиган жовонга соламиз ва температурани 180 оC га кўтарамиз. Сўнгра муфти печига қўямиз ва температурани 450 оC гача кўтариб, олма ёниб кул бўлгунча кутамиз. Ушбу жараённи тезлатиш учун бир неча томчи азот кислотасидан (HNО3) яъни нитрат кислотасидан қўшамиз. Тайёр пробани 0,1N HCl эритмасидан ўтказамиз.

Микро ва макро элементларни аниқлашда Атом абсорбцияси усулидан (”Сатурн” спектрофотометрида) ва Спектрал лампалардан фойдаландик. Бўш катодда АCПК- типидан ва нур частотали БCБ- 2 электродсиз лампа ППБЛ- 2 аниқланувчи абсорбцияни ўзи ёзадиган КСП-4 потенциометрда аниқладик.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, турли олма навларидаги темир миқдорини аниқлаш, аҳоли ўртасида олма истеъмол қилишни ва унинг шифобахш хусусиятларини ўрганишни янада такомиллаштиришга ёрдам беради. Бу тажрибамиз орқали бизлар семеренко навли яшил олма ўз таркибида бошқа олма навларига қараганда кўпроқ темир сақлашини ўргандик ва шу олмани янада кўпроқ етиштириш ва истеъмол қилишни тавсия этамиз.

Адабиётлар:

  1. Тоҳир Ибрагимов Семизлик ва уни енгиш йўллари. Тошкент, 2010, 49 б

  2. Справочник по диетологии. Москва, «Медицина», 1992.

  3. www.tib.uz

Научный руководитель: к.б.н. Исмайилова М.А.