Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ОРГАНИЗМИНИНГ КАЛИЙ ВА КАЛЬЦИЙГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ ВА УЛАРНИНГ ЕТИШМОВЧИЛИГИДА ЮЗАГА КЕЛАДИГАН ПАТОЛОГИК ҲОЛАТЛАР

Автор: 
Нафиса Мирзаева (Самарканд, Узбекистан)

Маълумки, одам организми барча органлар бир бутун ўзаро ҳамжиҳатликда ишлагандагина тўлиқ фаолият олиб боради. Бирор бир минерал модда ёки элементларнинг ўз вақтида организмга келиб тушмаслиги турли касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Жумладан, организмнинг микро ва макроэлементларга бўлган талаби ва бу элементларнинг организмда бажарадиган функциялари ниҳоятда беқиёсдир. Мана шундай организм учун ўта зарурий элементлардан бири калий ва кальцийлардир. Калий организмдаги барча юмшоқ тўқималарнинг нормал ишлашини таъминлайди (мия, буйрак, меъда-ичак, жигар, эндокрин безлари, юрак мушаклари) [1, с 74]. Олиб борлган тадқиқот ишлари шуни кўрсатдики, калий ловия, олма, ўрик, шолғом каби ўсимлик маҳсулотларида кўп миқдорда учрайди [1, с 74; 2, с 28]. Ҳайвонлар маҳсулотларида ҳам масалан, 100 г мол гўштида 240мг, 100г балиқда 161 мг, 100 г сутда 127 мг миқдорда калийнинг бўлиши аниқланган.

Калийга бўлган бир суткалик эҳтиёж 3-6 г атрофида бўлади. Одам организмида натрий билан калийнинг истеъмолдаги нисбати 2:1 бўлиши лозим. Агар бу нисбат бузилса тўқималарда моддалар алмашинуви бузилиши, организмнинг баъзи аъзоларида шиш ҳосил бўлиши кузатилади. Чунки организмда натрий миқдори ортса, унинг сувни ушлаб қолиш хусусияти туфайли тўқималар орасида суюқликлар миқдори ошиб кетиб, шиш пайдо бўлади. Бундай пайтда калийга бой бўлган маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Калий алмашинув жараёнлари натрийга қарама-қарши ҳисобланганлиги учун у қанчалик кўпайса натрий шунчалик кўп ташқарига чиқариб юборилади. Калийнинг организмга етарли миқдорда қабул қилиб турилиши томирларда натрий тузларининг чўкма бўлиб тўпланишини камайтиради ва шу боис ундан тегишли дори воситалари сифатида ҳам фойдаланилади [1, с 75].

Бизларнинг Самарқанд вилояти кўп тармоқли шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази лабораториясида олиб борган таҳлилларимиз ҳам адабиётлар маълумотларига мос келди. 2013 йилда олиб борган таҳлиллар натижаларига қарайдиган бўлсак, 10 та соғлом одамларнинг қонида (вояга етган 20 ёшдан 40 ёшгача) калийнинг миқдори 3,0 дан 4,9 гача эканлигини кўрдик. Бу одамлар албатта калийга бой маҳсулотларни кундалик рационида етарлича қабул қилишган. Иккинчи гуруҳ яъни турли касалликлар билан қон топшириш мақсадида келган одамларнинг қони таҳлилларига қарасак, уларда калийнинг миқдори норма чегарасидан пастлигига амин бўлдик. Калий миқдори камайган одамларнинг кўпчилигида иштаҳа пасайганлиги, танада шиш мавжудлиги аниқланди. Бундай беморларга калийга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишлари тавсия этилди.

Худди шундай мисолларни организмнинг ўсиб-ривожланиши учун энг зарур ҳисобланадиган кальций ҳақида ҳам айтиш мумкин. Кальций ҳам натрий ва калий каби асосан туз кўринишида организмга қабул қилинади. Танадаги кальцийнинг 99 % суяклар, тишлар, тирноқлар таркибида бўлади, қолган 1 % қон ва бошқа биологик суюқликларда ҳамда тўқималарда учрайди. Кальцийнинг организм учун бошқа жараёнларни масалан, қон ивишини, асаб тизимини нормал ишлашини, қон ҳосил бўлишини таъминлаши кўплаб тадқиқотчилар томонидан ўрганилган [1, 76: 3, 128].

Кальцийга бўлган бир кеча-кундузлик талаб ўртача 800 мг бўлгани ҳолда ёш болаларда ва кекса одамларда бу кўрсаткич 1000-1200 мг гача ортади. Яна олиб борган тадқиқотларимизга юзланадиган бўлсак, қонида кальций миқдори камайиб кетган одамларда тез-тез асабийлашиш, толиқиш, ҳеч нарсага қизиқишнинг бўлмаслиги каби ҳолатлар аниқланди. Ундан ташқари бундай одамлардан сўровлар ўтказилганида улар кўкатларни кам истеъмол қилишлари аниқланди. Демак, кундалик истеъмол қилинадиган овқатларимиз таркибида турли кўкатлардан тайёрланган салатларнинг бўлиши, сут ва сут маҳсулотларидан тайёрланган маҳсулотларнинг бўлиши кальций танқислигини олдини олади. Организмда кальцийнинг камайиши суякланиш жараёнининг бузилишига ва суякларнинг ғалвирсимон бўлиб қолишига олиб келади [1, с 77].

Кальцийнинг ўз вақтида организмга сингиши учун фосфор, Д, С, В9 витаминлари ҳам керак бўлади. Демак, витаминларни етарли миқдорда қабул қилиниши организмда кальций миқдорини ҳам нормал бўлишини таъминлар экан. Кальцийни аниқлашга оид тажрибаларимиз натижалари шуни кўрсатдики, болаларда кальцийнинг камайиши рахит ва сут тишларининг чиқишини кечикиши ва қад-қоматнинг бузилишига оид патологик ҳолатларга (касалликларга) олиб келиши аниқланди. Бу тадқиқотлар олдин ҳам олиб борилган бўлсада, экологик вазият ўзгариб, атмосферада кислороднинг камайиши ва карбонад ангидриднинг миқдори кўпайиб бораётган бир пайтда, организмнинг турли микро ва макроэлементларга талаби ортиб бораётганлигини инобатга олиб шахсий тадқиқотлар олиб бордик. Олинган натижаларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда организмда калий, кальций, фосфор каби унсурларнинг норма чегарасидаги миқдори камайиб бормоқда. Шу боис, аҳоли орасида ушбу маъданли моддаларга бой бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишни тавсиялар бериш мақсадга мувофиқ бўлади (1-жадвал).

1-жадвал

Озиқ-овқат сифатида ишлатиладиган ўсимлик маҳсулотларида учрайдиган калий ва кальцийнинг миқдори (100 г да мг ҳисобида)

(Ш. Қурбонов бўйича, 2005)

Маҳсулотлар

Калий

Кальций

Буғдой уни

178

24

Гуруч

54

24

Ловия

1100

150

Нўхат

873

115

Картошка

568

10

Карам

185

48

Сабзи

200

51

Помидор

290

41

Бодринг

141

23

Лавлаги

228

37

Бош пиёз

225

87

Ошқовоқ

170

40

Шолғом

357

35

Шовул

500

47

Шивит

335

223

Тарвуз

64

14

Қовун

118

16

Олма

248

16

Нок

155

19

Ўрик

305

28

Гилос

256

37

Узум

255

45

Демак, ўз соғлиги учун қайғурадиган ҳар бир инсон маъданли моддаларга бой маҳсулотларни тўғри ва меъёрида истеъмол қилишлари узоқ умр кўришнинг гаровидир.

Адабиётлар:

  1. Қурбонов Ш. Овқатланиш маданияти. Тошкент, «Маънавият», 2005. -205б.

  2. Ражамуродов З.Т. Одам ва ҳайвонлар физиологияси. Тошкент, «Тиббиёт», 2010. - 438 б.

  3. Наджимитдинов С. Т. Клиник гематология асослари. Тошкент, Абу Али ибн Сино нашриёти, 1998. – 287 б.

Научный руководитель: к.б.н. доцент Бозоров Б.М.