Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТИНИ ОШИРИШДА НОДАВЛАТ - НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ

Автор: 
Мархабо Аллаярова (Самарканда, Узбекистан)

Ўзбекистон бугунги кунда мустақил давлат сифатида ўз истиқлол ва тараққиёт йўлидан бормоқда.Унинг бош стратегик мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш ҳисобланади. Ўзбекистонда қурилаётган ушбу Фуқаролик жамияти ўзига хос - инсоннинг камол топишига, шахснинг манфаатлари рўёбга чиқишига, унинг ҳуқуқ ва эркинликларининг намоён бўлиши ва амал қилишига кўмаклашадиган қонун устуворлик қиладиган жамиятдир. Бунда мамлакатимизда инсон ҳуқуклари ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий давлат асосларини шакллантириш заруриятидан келиб чиққан ҳолда, 1997 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарори билан «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури» қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» дастурий маърузасида: «Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, кўп жиҳатдан, одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият - демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир. Шу муносабат билан, бугунги сиёсий-ҳуқукий воқеаликни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқукий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу дастурнинг амалга оширилиши аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишини, фуқароларда қонунга итоаткорлик туйғусининг янада ортишини таъминлайди», - деб қайд этиб ўтган эди.[ 1, с 8]

Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсати билан инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари ижтимоий тараққиёт ҳамда давлат қурилишининг муҳим устувор жиҳати эканини белгилаб берди. Бунда демократик қадриятлар ва принципларни, инсоннинг ҳуқуклари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш фуқаролик жамиятининг асосий вазифаси ҳисобланади. Ушбу вазифани амалга оширишда фуқаролик институтларининг роли каттадир. Фуқаролик институтлари жамият аъзоларининг фаоллиги, миллий онги, сиёсий маданияти ва юксак маънавияти ўсишига, уларда ўз қадр-қимматини ҳис этиш,ўзлигини англаш, мустақил фикрлаш, ўз салоҳиятини ошириш, ўз имкониятларини, истеъдод ва қобилиятларини эркин намоён этиш ҳамда жамият аъзоларининг демократик дунёқараши шаклланишига кўмаклашиш ва хизмат қилиши керак.

Жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш, аввало, аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқдир. Президентимиз И.А.Каримов томонидан мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада кучайтиришда уларнинг ролини алоҳида ифодалаб қуйдагича баҳолаган эдилар: “Фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари амалда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда”.[ 1, с 41]

Шунга кўра жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтларидан бири бўлган нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни, аҳамиятини кескин кучайтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган ишларнинг - «Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» деган тамойили асосида амалда ҳаётга жорий этишнинг асосий ва муҳим шартидир. Нодвалат нотижорат ташкилотлар жамиятда мавжуд барча манфааларни қамраб олиб, уларни ифодалагандагина, улар ўз мақсадларини самрали бажаради. Жамиятда турлича, жумладан, иқтисодий, ижтмоий, сиёсий, маънавий, миллий, мафкуравий, маданий, экологик, ҳуқуқий, диниий, шунинингдек, яна ўнлаб айрим соҳаларга доир манфаатлар мавуддир. Манфаатлар гуруҳлари ана шу манфаатлар ифодачиси сифатида пайдо бўлиб, шу фаолият бўйича иш юритади. Манфаатларнинг гуруҳлар воситасида ифода этилиши сиёсий қарорлар қабул қилиш учун ёрдам беришидан ташқари давлат ва ҳукумат органлари эҳтиёж сезаётган ахборотлар ҳамда бошқа маълумотларни етказиб бериб туриши мумкин.[ 2, с 7-8]

Нодавлат нотижорат ташкилотлар индвидларнинг ихтиёрий бирлашмаларидир. Улар сиёсий партиялардан фарқ қилиб, ҳокимиятни эгаллаш, лавозимларга номзодлар кўрсатиш билан шуғулунмайди, аммо улар фуқаролар манфаатини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳаракат қилади. Манфаатлар гуруҳларининг ҳаракат усуллари, жамоатчлик фикрини шакллантириш сиёсий арбобларга ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёларини етказиш ўз манфаатларни қондириш учун ташкилий тадирлар ўтказиш билан чегараланади.[ 3, с 8-9]

Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларга доир қонунчилик ривожлаган мамлакатлар тажрибаси, халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва миллий анъаналар тажрибаси асосида шакллантирилган бўлиб, у ўзида демократик принциплар ва қадриятларни мужассамлаштирди. Мамлакатда давлат бош ислоҳотчи сифатида нодавлат ташкилотларнинг қонунчилик асосларини ҳар томонлама ривожлантиришга катта аҳамият берилди. Чунки уларга Ўзбекистонда қонунлар ва ҳуқуқий нормаларнинг барча фуқаролар томонидан бажарилишини таъминлаш, улар фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш, ўзаро рақобат муҳитини қарор топтириш учун зарур ва ҳаммага баробар бўлган шарт-шароитлар яратиб борилмоқда. Қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий ҳужжатларни ҳаётга жорий қилишда давлат ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш талаб этилади. Шу боис, мамлакатимизда давлат фаолияти, шу жумладан, унинг тузилмалари фаолияти устидан жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ривожланган қонунчилик, норматив-ҳуқуқий база нодавлат нотижорат ташкилотларининг эркин ривожланишини таъминлайди. Мамлакатимизда бу борада «Жамоатчилик фондлари тўғрисида», «Хайрия тўғрисида», «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида» ва бошқа Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (1999 йил 14 апрел ) мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти мустаҳкамланиши ва ривожланишининг муҳим омили бўлди. Ушбу Қонун нодавлат нотижорат ташкилотларининг кўп қиррали фаолиятини ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий-техник қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантиришнинг яхлит тизимини белгилаб берди. Қонунда, жумладан, қуйидаги масалалар тартибга солинган: -нодавлат нотижорат ташкилотлари фоалияти кафолатларини бериш (фаолият эркинлиги, ахборотлардан фойдаланиш, мулкчилик ҳуқуқи); уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш. -нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш (давлат субсидиялари, грантлар бериш ва бошқалар).

Бу эса бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5100дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритишга кенг имконият яратди ва бу кўрсаткич 2000 йилга қараганда 2,5 баробар кўпдир.[ 1, с 42] Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини муваффақиятли равишда амалга оширмоқда. Улар орасида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, Фермер хўжаликлари уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, «Ўзбекистон маданияти ва санъати» форуми, «Сен ёлғиз эмассан», «Меҳр нури», «Соғлом авлод учун» ва бошқа шу сингари йирик нодавлат нотижорат ташкилотлар мамлакатимизда энг самарали фаолият олиб бораётирлар. Улар ўз фаолиятлари билан аҳолининг сиёсий маданиятини, ҳуқуқий онгини ошириш, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти асослари шакллантирилиши жараёнларини чуқурлаштиришга ҳисса қўшмоқда.

2006 йил декабрида Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ННТларнинг фаолияти кафолатларини тартибга солади, хусусан уларнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги: фаолият эркинлиги ҳуқуқи, ахборотдан эркин фойдаланиш ҳуқуқи ва мулк ҳуқуқи (5-7-моддалар)ни кафолатлайди. Бу ҳуқуқлар кафолатлари назарда тутилган барча моддаларда ушбу ҳуқуқлар давлат муҳофазасидадир. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг асосий ва устувор хусусияти, унда ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши шакли субсидиялар, грантлар ва бевосита ННТлар ўртасида жойлаштириладиган ижтимоий буюртмалар кўринишида мустаҳкамлаб қўйилган.

2007 йил 2 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни ННТларнинг ҳомийлик фаолияти соҳасидаги мақомини белгилайди. Бунда, жамиятнинг, айрим тоифадаги юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун тузилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмаси, жамоат фонди шаклида, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда бугунги кунда фукароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан барча нодавлат нотижорат ташкилотларининг 40 фоизи, аёллар ва ёшлар муаммоларини ҳал этиш билан 14,2 фоизи, соғлиқни сақлаш, таълим, экология соҳасида фаолиятни амалга ошириш билан 13,6 фоизи, бошқа ижтимоий аҳамиятли вазифаларни ҳал этиш билан 12 фоизи шуғулланмокда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат томонидан тегишли функциялар амалга оширилиши жамоат тузилмалари томонидан қўллаб-қувватланишга эҳтиёж сезилаётган соҳаларда ишламокда.[ 5, с 24]

2005 йилда умуммиллий Фуқаролик форуми ўтказилиши фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда муҳим воқеа бўлди. Форум якунлари бўйича Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси ташкил этилди. Бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий уюшмаси ўз таркибида аҳоли томонидан қўллаб-қувватланадиган 300 дан ортиқ мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштиради. Шуни айтиш лозимки, мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Миллий уюшма фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкиларининг эркин ва фаол харакат қилишлари учун зарур ҳуқуқий асослар яратилганлиги( Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, фуқаролик кодекси (1996), «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги (1999), «Жамоат бирлашмалари тўғрисида» (1991), «жамоат фондлари тўғрисида»ги (2003) ва бошқалар) бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 5100дан зиёд ННТлар эркин ўз фаолиятини, олиб боришига кенг имконият берди. Айниқса ННТ ёшларни, аёлларни аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, ўзига жалб этиши диққатга сазовордир. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Тадбиркор аёл», «Олима аёллар» уюшмалари, «Фонд форум», «Мехр нури» жамғармалари, «Экосон» экология саломатлик халқаро хайрия жамғармаси фаолиятлари мамлактимиз фуқароларининг орзулари, интилишлари ва мақсадлари учун хизмат қилмоқда.

Шунингдек “Кучли давлатдан кучли жамият сари” борар эканмиз, мамлакатимизни модернизациялаш ва кучли фуқаролк жамияти қуришда фуқароларнинг фаоллиги фуқаролик жамияти институтларининг, жумладан ННТларинг интеграциявий жараёндаги иштироки фаолиятига боғлиқдир. Бу эса қуйдагиларни ҳал этилишини талаб этади:

- фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятида интеграциявий жараённи тизимли тарзда амалга оширишни йўлга қўйиш;

- мамлакатни модернизациялашда фуқароларнинг онги, тафаккур, эҳтиёж ва манфаатларининг ошиб боришини инобатга олган ҳолда уларнинг ҳуқуқий маданиятини, фаоллигини мақсадли йўналтириш;

-сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда маънавият муҳим белгиловчи омил сифатидаги мақоматни ҳисобга олиш:

-глобаллашув жараёнида замон талаблари даражасининг ошиб бориши фуқаролар ҳаёти, ҳатти-ҳаракати, дунёқарашида акс этишини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштриш.

-Адабиётлар:

1. Каримов И.А. //Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини Ривожлантириш концепцияси. Т. 2010.-55 с

2. Основы политической науки. Часть II. -Москва. МГУ,1996, с.7-8.

3 Ористейн Н. //Демократик жамиятда қонун чиқарувчи ҳокимият ўрни. Озодлик рисоласи. -Вена. АҚШ информация агентлиги. 1994.

4. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, Т.2007 йил, 1-2-сон

 

5. Шодмонов А.//Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши. Т.2011 .-79 с.