Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ФЕРМЕРЛИК ҲАРАКАТИ ЖАМИЯТНИНГ ЎРТА ВА ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ СИНФИ СИФАТИДА

Автор: 
Хусан Джуракулов (Самарканд, Узбекистан)

Бугунги кунда фермерлик ҳаракати мамлакат тараққиётининг муҳим жабҳасига, ишлаб чиқариш корхоналарининг асосий хом ашё базасига, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштиришда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда асосий кучга айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда мустақиллик қўлга киритилгандан буён аграр соҳа барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида изчиллик билан босқичма-босқич амалга оширилаётган  иқтисодий ислоҳотлар натижасида бозор муносабатларига асосланган янги тизим шаклланиб бораётгани хўжалик юритиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни тубдан ўзгартириб, пировардида мулкчиликнинг турли шаклидаги хўжаликларнинг рақобат асосида фаолият юритишини таъминлади. Айниқса, фермерлик ҳаракатининг йўлга қўйилиши натижасида одамларнинг ерга муносабати ўзгарди, уларда эгалик ҳисси пайдо бўлди. Бу нафақат етиштирилаётган маҳсулот сифати ва ҳажмини ошириш, балки одамларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги ҳамда турмуш фаровонлигини юксалтириш имконини бермоқда. Айни пайтда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билган фермерлар қишлоқда ислоҳотларни амалга оширувчи етакчи кучга айланади.

Фермерлар энди фақат пахта, ғаллачилик, сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик билан чекланмай, балки замонавий қишлоқ инфратузилмасини яратувчиси, бунёдкори, маҳсулотларни қайта ишлаб чиқарувчи янги иш ўринларини яратиб, халқ фаровонлигини таъминловчи ўрта синфни ташкил қилмоқдалар. Бу борада улар учун кенг йўл очиш, барча фаолиятлари учун шарт-шароит яратиш ва уларнинг ҳаракатига давлат назорат органларининг ноқонуний аралашувига чек қўйиш давр талабидир. Шу ўринда Юртбошимиз И.А.Каримовнинг “Тадбиркорлик фаолияти йўлига тўсиқ қўйиш, унга қарши чиқиш, бу — давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланиши керак. Буни қайси лавозимда ўтирганидан қатъи назар, барча мансабдор ва масъул раҳбарлар қулоғига қуйиб олиши шарт”1 - деган фикрларини келтириш жоиздир.

Хусусан, жамиятда фермерлик жадаллашиши учун ҳуқуқий ва меёрий база шакллантирилган. Жумладан, 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика деҳқон (фермер) хўжаликларини мустаҳкамлаш ва тадбиркорлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони, 1998 йилда Ер кодекси, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги ва "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари ва Вазирлар маҳкамаси қарорлари фермерлар фаолиятининг ҳуқуқий базасини шакллантирди ҳамда қишлоқда инфрастурктурани яратди.

Кейинги йилларда фермерлик ҳаракати аграр соҳани янада ривожлантиришга хизмат қиладиган, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли кучга айланиб бормоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қишлоқ мулкдорлари бўлган фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ушбу Фармон ҳозирги шароитда фермерлик ҳаракати олдида турган жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантиришнинг, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини сифатида фермер хўжаликларининг роли ва аҳамиятини ошириш вазифаларининг фермерлик ҳаракати томонидан рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Бугунги кунда фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш, балки уни қайта ишлаб экспорт қилиш, қишлоққа саноатни олиб кириш орқали янги иш ўринларини яратишда хам фаол иштирок этмоқдалар. Етиштирилаётган маҳсулот ҳажмларини тўхтовсиз кўпайтириб бориш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлашни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигининг рентабеллигини (фойдалилик) ошириш ҳозирги давр иқтисодий фаоллигини билдиради. Юртбошимиз ўз чиқишларида қуйидаги фикрни таъкидлайди: “Мамалакатимиздаги ўзига хос шарт-шароит, яъни аҳолининг аксарият қисми қишлоқ жойларида яшаши ва меҳнат қилиши, кўплаб тармоқ ва корхоналаримиз фаолияти эса бевосита қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан боғлиқлигини инобатга олсак, қишлоқда иқтисодий ва аграр муносабатларни ислоҳ қилишга алоҳида эътибор бериш нақадар муҳимлиги аён бўлади”2. Қишлоқда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларнинг изчил бажарилиши, шу жумладан, қишлоқ мулкдорларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар бу соҳадаги туб ўзгаришларнинг асосий омили бўлиб қолади. Бу ишларнинг барчаси фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, ер эгаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Юртбошимизнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида сўзлаган нутқида шундай дейди: “Бугунги кунда фермер хўжалиги хақли равишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг етакчи бўғинига, уни ташкил этишнинг асосий шаклига айланди. Ҳозирги вақтда фермерлик ҳаракати ўз таркибида 66 мингдан зиёд фермер хўжалигини бирлаштирмоқда. Мамлакатимиздаги жами хайдаладиган ерларнинг 85 фоиздан ортиғи, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми айнан фермерлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Фермерларимизнинг онгу тафаккурида ўз ери ва ишлаб чиқараётган маҳсулотига нисбатан эгалик ҳиссиёти йилдан-йилга тобора мустаҳкамланиб, уларнинг ўз меҳнати натижасидан манфаатдорлиги ошиб бормоқда. Энг асосийси-одамларимизнинг онги ва дунёқараши тубдан ўзгармоқда, бебаҳо бойлигимиз бўлган ер ва сув ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш учун масъулият туйғуси кучаймоқда”3.

Хусусан, Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган 7700 дан зиёд фермер хўжаликлари ҳам вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз муносиб ўрнига эга бўлиб, нафақат қишлоқ хўжалиги, балки жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларида ҳам ислоҳотлар изчиллигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Айни пайтда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида қишлоқ хўжалигининг улуши 45 фоизни ташкил қилмоқда4.

Фермерлар айни пайтда фақат ғалла, буғдой, мева-сабзавот ҳосилдорлигига эришиш билан чекланмай, давлатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш, кишиларнинг кайфиятини кўтарадиган хайру саховат, меҳру мурувват сингари тадбирларни такомиллаштириши ва кишилар ҳаётида обод турмуш ғоясини олиб кириш, шакллантириш субъекти бўлиб қоладилар.

Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш, қудратли ижтимоий кучга айлантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам қўйилмоқда. Зотан, мамлакатимиз олдида турган улкан вазифаларни адо этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш борасидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилиш, аввало, фермер хўжаликларининг самарадорлигини ошириш билан бевосита боғлиқдир.   

Фермерлик ҳаракати нафақат қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига, балки бутун иқтисодиётимизнинг жадал тараққий топишига, мамлакатимизнинг қўлга киритган ютуқларига, халқимизнинг ҳаёт даражасини оширишга беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда.

Фермерлик ҳаракати бу — замон талаби, ҳаёт тақозоси. Замон билан ҳамнафас қадам ташлаш, унинг талаблари асосида иш юритиш эса муваффақиятлар гаровидир. Демак, янги бошқариш тизимининг фаолияти фермер хўжаликларини янада такомиллаштириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ер-сув ресурсларидан ҳамда яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланишда, қишлоқни жадал ривожлантиришда, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда айнан фермерлар ролини кучайтиришнинг навбатдаги босқичи равнақига хизмат қилиши муқаррар.

Хулоса қилиб айтганда, биринчидан фермерлик ҳаракати орқали мамлакатимизнинг фаровонлиги, ободлиги ва иқтисодий фаоллигини оширишимиз белгиланмоқда. Мамлакатимизда озод ва обод Ватанни ва бу борада кенг кўламли ислоҳатлар, азалий, такрорланмас бунёдкор ғоялар эволюцияси борлигидан далолат беради;

Иккинчидан, фермерлик ҳаракати қишлоқ жойларда, маҳаллаларда ўзига хос инфратузилма, кичик бизнесни шакллантириш, ёшларда тадбиркорлик маданиятини шакллантиришга олиб келди. Бу жараён доимий такомиллашиб бориб, обод турмуш ғоясини ҳуқуқий асосларини яратиб беради;

Учинчидан, фермерлик ҳаракати аграр соҳани янада ривожлантиришга хизмат қиладиган, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган қудратли кучга айланиб бормоқда;

Тўртинчидан, Фермерлар айни пайтда фақат ғалла, буғдой, мева-сабзавот ҳосилдорлигига эришиш билан чекланмай, давлатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш, кишиларнинг кайфиятини кўтарадиган хайру саховат, меҳру мурувват сингари тадбирларни такомиллаштириши ва кишилар ҳаётида обод турмуш ғоясини олиб кириш, шакллантириш субъекти бўлиб қоладилар;

Бешинчидан, қишлоқда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларнинг изчил бажарилиши, шу жумладан, қишлоқ мулкдорларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар бу соҳадаги туб ўзгаришларнинг асосий омили бўлиб қолади.

Адабиётлар:

  1. Каримов.И.А. “Мамлакатимизнинг тарққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги, ватанимизнинг обрў-эътиборини янада ошириш йўлида меҳнат қилиш – муқаддас бурчимиз”. // Халқ сўзи. 2013 йил 3 апрель 2-бет, № 63-сон.

  2. Каримов. И.А. “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”. ─ Т. 9. ─ Т.: “Ўзбекистон”, 2001. 23-бет.

  3. Каримов. И.А. “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳатлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш”. // Халқ сўзи. 2013 йил 19 январь 2-бет. № 13-сон.

  4. stv.uz сайтидан.

Научный руководитель:

ф.ф.доктор, профессор Ж.Я.Яхшиликов

1 Каримов.И.А. “Мамлакатимизнинг тарққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги, ватанимизнинг обрў-эътиборини янада ошириш йўлида меҳнат қилиш – муқаддас бурчимиз”. // Халқ сўзи. 2013 йил 3 апрель 2-бет, № 63-сон.



2 Каримов. И.А. “Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз”. ─ Т. 9. ─ Т.: “Ўзбекистон”, 2001. 23-бет.

3 Каримов. И.А. “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳатлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш”. // Халқ сўзи. 2013 йил 19 январь 2-бет. № 13-сон.

 

4 stv.uz сайтидан.