Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ЎЗБЕКИСТОН: ТРАНСКОММУНИКАЦИЯ ВА ТАРАҚҚИЁТ

Автор: 
Мохира Мирзаева (Самарканд, Узбекистан)

Ҳозирги кунда мустақил Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Унинг олдидаги энг долзарб вазифалардан бири мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдир. Шу боис иқтисодий ислоҳотларнинг биринчи босқичи ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ва Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти иқтисодий тизимига кириб бориши билан белгиланди. Бу борада буюк ипак йўли имкониятларидан самарали фойдаланиш, буюк савдо, саёҳат ва маданият тармоқлари орқали дунё мамлакатлари билан самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш бугунги кунда катта амалий ва сиёсий аҳамият касб этади. Буюк ипак йўлининг тикланиши ва ривожланишида бутунжаҳон банкининг ахборотига кўра дунёнинг иқтисодий харитасида XXI асрнинг дастлабки йилларида иқтисодиётнинг нисбатан юқори тараққиёт кўрсаткичлари хусусан, Осиё мамлакатларида кузатилди. Шу боис Ўзбекистон халқининг дини, урф-одат ва анъаналари Осиё мусулмон давлатларига яқинлиги учун биринчи навбатда Яқин ва Ўрта шарқ ҳамда араб мамлакатлари билан давлатлараро муносабатлар ўрнатиш ва ривожлантиришга киришди.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг аниқ ва илмий асосланган тамойилларини ишлаб чиқди. Унга асосан «Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидалари асосида қурилди» [1, б. 24]. Бу қоиданинг халқаро демократик тамойилларга мослиги ва Ўзбекистоннинг давлатлараро муносабатларида икки томонлама ҳамда кўптомонлама муносабатлар ўрнатиш имкониятидан фойдаланиб, кўпгина давлатлар билан ўзаро келишилган шартномалар тузила бошланди.

Мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий тараққиёти жаҳон ҳамжамияти мамлакатлари билан хусусан яқин шарқдаги қўшни мамлакатлар билан давлатлараро муносабатларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаб боришни тақозо этади. Хусусан, Саудия Арабистони, Миср давлат ва ҳукумати раҳбарларининг Ўзбекистонга расмий сафари пайтида имзоланган ҳужжатлар давлатлараро муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистонлик ёшларни Қохирадаги «Аль-Азҳар» ва «Айн-Шамс» университетларида, Мисрликлар эса Тошкент техника ва аграр университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлдилар. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири Шарқ ва Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари билан алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу мамлакатлар орасида Хитой Халқ Республикаси билан давлатлараро алоқа ўрнатиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки иқтисодий иқлим имкониятларини рўёбга чиқишида буюк ипак йўли мамлакатларидан Хитой асосий ўринни эгаллайди. Замонавий тараққиёт анъаналарини таҳлил этиб кўрганда ҳам жаҳон иқтисодиёти Ўзбекистон учун яқин йилларда халқаро муносабатларда, унинг равнақида икки асосий йўналиш — Шарқ ва Ғарб алоҳида ўрин тутиши маълум бўлди. Ҳозир Шарқ тараққиёт йўналиши уюшмасида 12 давлат бўлиб, Европа иттифоқи иқтисодий ва сиёсий интеграциясининг тобора кенгайиб, чуқурлашиб ва ўсиб бораётган нуфузи кўзгусида - Ўзбекистон учун халқаро маданий, иқтисодий-савдо муносабатлари ҳамкорлигида бирламчи йўналишларни аниқлаб олиш муҳим. Географик жиҳатдан Ўзбекистон Хитойга яқин ва маданий жиҳатдан умумий қонуниятларга эга, хўжалик ва савдо фаолиятларида ўзаро ўхшашлик мавжуд, у орқали бошқа Жанубий - шарқий Осиё мамлакатлари билан боғланиш мумкин.

Ўзбекистон ижобий тажрибаларини ҳисобга олиб, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида кўпгина хорижий давлатлар билан битимлар имзолади. АҚШ, Япония, Европа иттифоқидан инвестециялар олишни кенгайтириш режалаштирилди.

2001 йил 15 июнда Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон давлат раҳбарлари Шанхай шаҳрида учрашиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) асос солдилар ва бу ШҲТ ташкил этилганлиги тўғрисидаги деклорация билан мустаҳкамланди.

2004 й 16-17 июн кунлари ШҲТ Тошкентда учрашув ўтказиб, унда халқлар ижтимоий маданиятининг гуркираб ривожланиши, бой маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш, тинчлик, дўстлик, тараққиёт йўлида хизмат қилиш, Хитой ─ Ўзбекистон алоқалари самарали бўлишига икки мамлакатлар ижтимоий маданий тараққиёти истиқболига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида Америка Қўшма Штатлари ва ривожланган Европа мамлакатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш уларни чуқурлаштириш алоҳида ўрин тутиб, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида давлатлараро алоқалар мустақилликнинг дастлабки йилларидаёк, йўлга қўйилди.

Хуллас Шарқ ва Ғарбдаги хорижий давлатлар билан ўрнатилган давлатлараро муносабатлар, хусусан ипак йўлида жойлашган давлатлар билан ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланиши халқларнинг фақат ўзаро яқинлашишини таъминламасдан, балки маънавий маданиятни ҳам шакллантиришга хизмат қилади.

Буюк ипак йўлидаги давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Адабиётлар:

  1. И.Каримов. «Ўзбекистон буюк келажак сари». ─Т.: Ўзбекистон, –Б 24.

 

 

Научный руководитель: ф.ф.доктор, профессор Журабек Яхшиликов