Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ЁШЛАРНИ МИЛЛИЙ ҒОЯ РУҲИДА ТАРБИЯЛАШДА ТАРИХИЙ ХОТИРАНИНГ АҲАМИЯТИ.

Автор: 
Шахриддин Ортиқов (Самарқанд, Ўзбекистон)

Аҳолини, айниқса, ёшларни бой маънавий меросимиз, миллий ва тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, демократия ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳатларнинг ҳал қилувчи омилидирки бунда, миллий тарихимизда акс этган қимматли ғоялари билан ўз ҳиссаларини қўшган алломаларимизнинг меросини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда Президентимиз И.А.Каримовнинг қуйидаги фикрларании методологик аҳамиятга эга: “Тарихни яхши билмасдан туриб, юксак маънавиятга эришиш мумкинми? Албатта, мумкин эмас! Маънавиятни тиклаш, туғилиб ўсган юртида ўзини бошқалардан кам сезмай, бошини баланд кўтариб юриши учун инсонга, албатта, тарихий хотира керак”1

Маълумки, инсоният тарихида илк давлатчилик пайдо бўлгандан то хозирги кунларимизга қадар инсонларнинг илм – маърифий ва маънавий қиёфасига, жамиятнинг таълимий – маданий савияси ривожига катта эътибор қаратилиб келинган.

Сабаби, бирор мамлакатни фаровонлиги, тинчлиги ҳамда иқтисодий, сиёсий, ва ижтимоий жараёнларни ижобий томонга йўналтирадиган асосий “мурувватни” ўша давлат фуқароларининг интеллектуал салоҳияти белгилаб беради.

Шуни инобатга олган, олиму – доно алломаларимиз, мутафаккирларимиз адолатли давлат ва фозил жамият ҳақидаги таълимотларининг марказига “Комил инсонни” қўйишганлари бежиз эмас.

“Комил инсон” улар асарларида дунёвий ва диний илмларга эга бўлган ҳақиқий ватанпарвар, маънавий етук, ахлоқий комил топган идеал шахс сифатида талқин этилган.

Ана шундай, халқимизнинг садоқатли, фидокор, зийрак – зукко фарзандаларидан бири Абдурауф Фитратдир (1886-1938). У маърифатпарварлардан бўлиб, халқ тақдири, унинг келажаги ҳақида қайғурган – миллатни ўз қадрини англашга ундаган. У ўз иқтидорини, бутун салоҳиятини, ҳаётини Ватанига бағишлаган, ватанпарвар ва ўз халқининг асл фарзанди эди. Унинг ҳаёт йўли анча мураккаб ва зиддиятли тарзда кечади.

Унинг умри давомида олиб борган тадқиқотлари ва ёзган мақоллалари ниҳоятда салмоқли бўлиб, у ижодининг кенг қамровлилиги ва серқиралилиги жиҳатидан XX аср ўзбек маданияти тарихида, эҳтимол ягонадир, десак хато бўлмайди.

Қомусийлиги жиҳатдан Фитрат Беруний, Ницше, Дидро типидаги олимлар қаторида туради.

Бунга асос сифатида шуни айтиш лозимки ,у ислом тарихи ҳақида “Мухтасар ислом тарихи” асари, фалсафага оид “Бедил” номли китобида буюк Шарқ шоири дунёқарашини мумтоз Шарқ фалсафаси билан тасаввуф фалсафасининг кесишган нуқталарида тадқиқ қилади.

Сиёсат хусусида “Шарқ сиёсати”, “Сиёсий ҳоллар” каби тадқиқотлари, мусиқашунослик ҳақида “Ўзбек классик мусиқаси ҳамда унинг тарихи” рисоласи, тарихга оид “Амир Олимхоннинг ҳукмронлик даври” асари, спорт маданияти Шарқ шаҳмати тарихига бағишланган “Шарқда шоҳмот” ишлари, шунингдек, педогогикага оид “Раҳбари нажот”, “Оила” ва маориф. Математика, тилшунослик, адабиётшунослик бошқалар йўналишдарда олиб борган тадқиқотларини алоҳида таъкидлаш мумкин2.

У ижтимоий-сиёсий фаолият билан фаол шуғулланган улкан давлат арбобидир. Унинг бу йўналишдаги фаолияти кўпроқ 1923 йилнинг ўрталаригача бўлган даврга тўғри келади. Унинг ижтимоий ҳамкорликка чорловчи қуйидаги фикри жуда аҳамиятлидир: “Одамлар ... ўз ўрталарида умумий биродарликни юзага келтира олсалар ҳаёт ва дунё саодати шу ва умумий саодат шу”.

Масалан: биргина «Бухоро Халқ шўролар жумҳуриятининг конститутцияси» Фитрат таҳриридан кейингина Қурлтойда қабул қилиниши унинг сиёсий-ижтимоий соҳада нечоғли катта ҳурматга эга эканини кўрсатади. У Бухоро халқ жумҳуриятида маъсул вазифаларни адо етади.

Халқ нозирлар кенгаши ҳайъати аъзоси, ташқи ишлар халқ нозири, маъориф нозири сингари юксак лавозимларда ишлаган Фитрат ўз зиммасидаги вазифаларига доимо юксак талаблар билан ёндашади. У шўролар ҳукумати ва Москва белгилаган йўлдан эмас, балки ўзи тўғри деб билган йўлдан боришга ҳаракат қилган эди.

Фитрат Бухородаги жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок этибгина қолмай, бу ҳаракатга раҳбарлик ҳам қилиб, бу борадаги ўз қарашларини «Мунозара», «Ҳинд сайёҳи қиссаси» сингари асарларига сингдиради.

Дастлаб, бошланғич ўқиш-ўқитиш усулларини янгилаш, маорифни такомиллаштириш, савдо-сотиқдан ишлаб чиқаришгача бўлган йўналишларда жаҳоннинг илғор мамлакатларидаги тажрибаларни ўзлаштириш, мутаассибликдан қутулиш, жамиятни равнақ топтирадиган билимдон ёшларни дунёнинг машҳур билим ўчоқларида тезроқ вояга етказиш керак, деган Фитрат ғоялари энди, буларни амалга ошириш учун аввало, Бухоро амирлигининг давлат тузумини ислоҳ этиш ва ўзгартириш керак деган хулоса даражасига кўтарилади.3

Фитрат «Сайҳа», «Бегижон», «Оила» сингари асарларида мавжуд тузумни қаттиқ танқид қилади. У ушбу асарлари орқали мавжуд тузум ғояларига қарши аёвсиз ўт очади. Туркистон халқи жамики бойликларига ўзи эга бўлмоғи керак, унга, қандай кўринишда бўлмасин, боқиманда равишда ўзгаларнинг шерик бўлиши ва эгалиги, бир жиҳатдан, адолатсизлик, иккинчи томондан, ўзимизни-ўзимиз уддалай олмаётганимиз, бошқара олмаётганимиз оқибатидир, бунга эса фақат истиқлол туфайли эришиш мумкин, деган фикрни илгари суради.

Фитрат “Ҳуррият” газетасидаги “Юрт қайғуси” рукни остида истиқлол ғояларига ҳамоҳанг мақолаларини чоп этади. Халқнинг сиёсий миллий онги кўтарилишида катта аҳамият касб этган: “Иттифоқ этайлик!”, “Сайлов яқинлашди”, “Мусулмонлар, ғофил қолманг!”, “Икки рўйҳат” мақоллаларидаги фикрларида миллий туйғу, Ватанга муҳаббат ҳисси алангаланиб туради.

Умуман, ўша даврни ҳақиқатда қандай кечган бўлса, шундайлигича: барча ижобий ва салбий жиҳатлари, парвозларию таназзуллари, тарихий жараёнларнинг барча ўнқир – чўнқирликларини назарда тутган ҳолда тадқиқ этди.

Фитрат ғоялари тизимида ўзбек тилининг тақдири муаммоси алоҳида ўрин тутади. 1921 йил Бухорода маориф ишларини ташкил этиш ҳайъатига раҳбарлик қилади. Унинг жонбозлиги билан туркий тил давлат тили деб эълон қилинади.

1920-йилларнинг ўрталарида ўзбек тилининг қонун-қоидаларини ёритишга ва ўрганишга бағишланган “Сарф”, “Наҳв” дарсликларини алоҳида-алоҳида нашр этади.

У ўз асарларида мустабид тузум Туркистонни Россия таркибидаги мустамлака сифатида ўз исканжасида доимо ушлаб туриш ва уни метрополиянинг хом ашё базаси ва маҳсулот бозори сифатида сақлаб қолишга зўр бериб интилиб, афсуски шунга муваффақ бўлганини катта ўкинч ва алам билан ёзади.

У кўпгина тарихий жараёнларнинг таҳлилини келтирар экан, шахс маънавиятининг мамлакат тақдиридаги ҳал қилувчи кучини кўрсатишга ҳаракат қилади.

Шунингдек, олим “Ёш бухороликлар” фирқа гуруҳига етакчилик қилади.

Ўлка халқлари бошидан кечираётган мудҳиш ва мустабид турмушнинг бутун асоратларини англаб етиб, таҳлил қилиб шундай хулосага келадики, энди тўғри йўлни белгилаб олиб, босқинчилар зулмидан халос бўлиш учун – аввало халқ онгида миллатпарварлик, ватанпарварлик кайфиятини пайдо қилиб, бирлашиб мустабид тузум ғояларига қатъийлик билан қарши туриб, унга барҳам бериш керак – мана шу ғояларига фирқа аъзолари халқни даъват этадилар.

Фитрат асарлари мазмунидан шуни англаш мумкинки, халқнинг маънавий ҳаёти тўла – тўкис ўз даврининг ҳукмрон мафкураси ва сиёсати таъсирига олиниб, сохта байналмилаллик ниқоби остида ўлкани руслаштиришга интилиш рўй берган.

Ўзбек халқининг миллий маданий қадриятлари, бой маънавий мероси, унинг эзгу анъана ва урф – одатлари топталган.

Муқаддас ислом дини, унинг қадриятлари, аҳкомлари оёқости қилиниб, ўзбек тили иккинчи даражали тилга айлантирилганлиги алоҳида куйиниб ёритилган.

Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак тарихни объектив ёритиш, мазкур даврга оид тарихий асарларни, ҳаққоний ва танқидий ўрганиш ёшларда тарихий хотирани шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, Президентимиз И.А.Каримовнинг таъкидлаганларидек: “Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас.

Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди” 4.

 

 

Адабиётлар:



1. Kaримов И.А., Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Ўзбекистон”, 1998. 10 б.

2. Муаллифлар жамоаси: XX аср Ўзбек адабиёти тарихи., “Ўқитувчи” 1999. 119 б.

3. Қаранг: Абдурауф Фитрат. “Мунозара”., “Шарқ юлдузи” журнали, 1997, 1 сон.

 

Научной руководитель:

доктор наук философии, проф: Яхшиликов Журабой Яхшиликович.

1Kaримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Ўзбекистон”, 1998 йил, 10 бет

 

2 Муаллифлар жамоаси: XX аср Ўзбек адабиёти тарихи., “Ўқитувчи” 1999 йил. 119-бет

3 Қаранг: Абдурауф Фитрат. “Мунозара”., “Шарқ юлдузи” журнали, 1997 йил , 1-сон.

 

4Kaримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Ўзбекистон”, 1998 йил.