Автор:
Исобек Шерманов (Самарканд, Узбекистан)
Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий жараёнларни жадал ривожланиши инсоният глобал муаммоларини ҳал этишнинг нафақат оптимал йўлларини излаш, балки моддий ва маънавий қадриятларни асраш ва келажак авлодга етказиш каби масалаларни ишлаб чиқишни ҳам тақозо этмоқда.
Инсоният тарихидан бизга маълумки, ҳар бир жамият, миллат, халқ ўз келажаги, келгуси авлодларини юксак маънавиятли, илмли ва энг асосийси, бахтли бўлишлари учун курашади. Шунинг учун моддий ва маънавий қадриятларни ривожлантириш хозирги кунда долзарб масаладир.
Шундай экан, мамлакатимизда бу масала Президентимиз эътиборидан ҳам четда қолмаганлиги асослидир. Яъни, “Аслида, ҳар қандай ислоҳотнинг энг муҳим самараси аввало халқнинг маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш жараёнлари, унинг онгу тафаккурининг юксалиши, мамлакатда юз бераётган ўзгаришлар унинг ҳаётига, тақдирига дахлдор бўлганини чуқур ҳис қилиши ва шундан хулоса чиқариши билан белгиланади” [1, б. 105]. Бу эса жамият тараққиёти бевосита инсон ва ҳалқнинг маънавий-руҳий қарашларини ривожлантириш билан боғлиқлигини кўрсатади. Унда жамият аъзоларининг моддий ва маънавий қадриятларга бўлган интилишини хисобга олиш зарурдир.
Булар Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистоннинг тараққиёт концепцияси, Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар давлат дастури, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, бевосита уларнинг иккаласи ҳам комил инсон тарбияси, уларнинг мустақил фикрлаш тафаккурини бойитишга қаратилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Шунинг учун бу яхлит таълимотлар ҳозирги вақтда халқимиз моддий ва маънавий ҳаётининг узвий бир қисмига айланиб бормоқда.
Халқимиз миллат сифатида бошидан ўтказган оғир синовлардан сабр-бардош, чидамлилик, келажакка ишонч руҳида ўтиб, миллий, моддий ва маънавий қадриятларини сақлаб қолганлиги ва бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган чуқур ислоҳатлар юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш мақсадида миллий қадриятларимизни ривожлантиришда катта эътиборга сазавордир. Айнан шу қадриятларимизда жамият моддий ва маънавий ҳаётнинг уйғунлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Шу аснода, инсон ўзининг ҳар бир ҳаракати, фаолиятини маълум нормалар, меъёрлар ёрдамида назорат қилиб туради. Улар инсоннинг фаолиятини жамият тараққиёти учун зарур бўлган тақдирдагина қадриятга айланади. Шу нуқтаи назардан қараганда тинчлик, фаровонлик, тенглик, адолат, инсонпарварлик, олижаноблик сингари инсоний фазилатлар ва ҳодисалар ҳам қадрият ҳисобланади.
Шу ўринда яна бир ҳақиқат, “Бир сўз билан айтганда, инсон ўз тимсолида ҳам моддий, ҳам маънавий хусусият ва аломатларни мужассам этган ноёб хилқат, Яратганнинг буюк ва сирли мўъжизасидир”[1, б. 67]. Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек: “Мана шундай қараш ва фикрларни умумлаштириб, инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади” [1, б. 67]. Юқоридаги фикрлардан келиб чиқадиган бўлсак, жамият тараққиёти моддий ва маънавий қадриятлар билан бевосита боғлиқлиги кўринади.
Кўпгина мамлакатлар халқларининг миллий истиқлол, демократик эркинликларни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ўз юрти ва минтақаларидаги тинчлик ва барқарорликка боғлиқ экани равшан. “Қўшнинг тинч - сен тинч” мақолининг туб маъносини дунё ҳам, биз ҳам янада теранроқ англамоқдамиз. Кўҳна тарихга назар ташласак, айнан юрт тинч, эл омонликда яшаган даврлардагина халқимиз моддий ва маънавий ютуқларга эришганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрга ҳукмронлик қилган 40 йил мобайнида мамлакатда тинчлик-барқарорлик устувор бўлгани сабабли илм-фан, маданият тараққий этган, бунёдкорлик ишлари ривожланган, кўҳна заминимиз гуллаб-яшнаган.
Ўзбекистон халқи тинчликни ўз орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари рўёбга чиқишининг шарти деб билади. Шунинг учун ҳам доимо Яратгандан тинчлик ва омонлик тилайди. Ҳолбуки, башарият фақат тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган тақдирдагина ўз олий мақсадларига эришади, моддий ва маънавий жиҳатдан юксалади.
Мамлакатимиз ривожланишининг моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, миллий мафкуранинг асосий ғояларига садоқат туйғуларини чуқур сингдириш бугунги куннинг долзарб ва амалий масаласи сифатида юзага чиқмоқда.
Бу ҳақида юртбошимиз шундай дейди: “...Кўриниб турибдики, моддий ва маънавий ҳаёт тамойиллари бир-бирини инкор этмайди, аксинча, ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдиради. Юксак тараққиётга эришишни орзу қиладиган ҳар бир инсон ва жамият ўз ҳаётини айнан ана шундай диалектик ва узвий боғлиқлик асосида қурган ва ривожлантирган тақдирдагина ижобий натижаларга эриша олади” [1, б. 69].
Айни вақтда оммавий ахборот воситалари орқали моддий ва маънавий қадриятларимизни улуғловчи, уларга нисбатан инсонларда ҳурмат ҳиссини кучайтирувчи кўрсатувларнинг мазмун ва моҳиятини янада кучайтириш ҳамда инсон қалбига етиб борувчи илмий оммабоп мақолалар чоп этилиши лозим.
Президентимиз маънавий салоҳиятимиз юқори даражада эканлигидан далолат берувчи миллий қадриятларимиздан бўлмиш Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик юбилейида сўзлаган нутқида: “Хоразм Маъмун академияси олимлари Шарқ ва Ғарб ўртасида ўзига хос маънавий-маданий кўприк, умуминсоний қадрият ва маданиятлар силсиласида узвий бир халқа вазифасини адо этган, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди” [2, № 3.], деганларида мутлақо ҳақ эдилар. Бизда миллий қадриятларимизни қайта тиклаш ва юксалтириш орқали маънавий иммунитетни шакллантиришимиз учун жуда катта асосга эгамиз. Бунинг яна бир исботи сифатида Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Президент Ислом Каримов: “Айниқса, бу табаррук масканда шаклланган юксак маданият, илмий-маънавий муҳит туфайли бу ердан Насафий тахаллуси билан ном қозонган юзлаб фозил одамлар етишиб чиққан ва улар ўз она юртини бутун дунёга тараннум этган. Ана шундай бетакрор сиймолар қаторида ҳадис илмининг билимдонларидан Абул Аббос Мустағфирий, Абу Туроб Нахшабий, етук шоир ва олимлар Зиёвуддин Нақшбанд, Муйиниддин Насафий, Сайидо Насафий, ҳуқуқшунос аллома Нажмиддин Насафий, калом илмининг намояндаси Абул - Муин Насафий, файласуф Азизиддин Насафий, моҳир меъморлар Али Насафий, Олим Насафий ва бошқа кўплаб улуғ зотларнинг мўътабар номларини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз. Уларнинг бой илмий ва ижодий фаолияти, қолдирган меросини чуқур ўрганиш, бу бебаҳо бойликни келгуси авлодларимизга етказиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир” [2, № 3.] деб, аждодларимиздан бизгача етиб келган моддий ва маънавий қадриятларимизнинг уйғунлигини таъминлашга даъват этади.
Президентимиз томонидан келтирилган ушбу мисолдан билишимиз мумкинки, ўзбек миллати улкан маънавий меросга эга.
Аммо бу маънавий меросни йўқотиш мақсадида унга тарихда жуда кўп зуғум қилинган. Таассуфки, юртимизда собиқ совет мустабид тузумининг қадриятларимизни йўқ қилишга қаратилган зўравон мафкураси ҳукмронлик қилган йилларда бизни ана шундай буюк моддий ва маънавий меросларимиздан, ўзлигимиз, дину-диёнатимиздан жудо қилиш, халқимизнинг миллий ғурурини синдириш мақсадида мамлакатимиздаги кўплаб қадимий ва бетакрор обидаларимиз бузиб ташланиши, халқимизнинг моддий ва маънавий меросига бўлган тажовуз эди. Лекин, моддий ва маънавий қадриятларимизни энг аввало Аллоҳ асради, шу тариқа бу қадриятларимиз бизгача етиб келди. Мана шунинг учун буюк тарихимизни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ундан зарур сабоқ чиқарган ҳолда йўл тутиш, бошқача айтганда, жамият тараққиётини белгилашда аждодлар мероси хисобланган моддий ва маънавий қадриятларни ҳисобга олиш керак.
Бугунги дориламон кунларда эркин ва озод нафас олиб яшар эканмиз, яқин ўтмишимизда юз берган ана шундай машъум кунларни, уларнинг сабоқларини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, миллат, давлат ёки жамиятнинг миллий тараққиёти унинг замирида яратилган моддий ва маънавий қадриятларнинг уйғунлиги билан белгиланади. Яъни жамият тараққиётини ўзида мужассам этган миллий ғоя билан боғлиқлигини акс этириши лозим:
Биринчидан, миллий маънавий қадриятлар - ижобий ахлоқий сифатларни такомиллаштириш, давлат ва миллат ривожига тўғаноқ бўладиган салбий иллатларни бартараф этиш омили хисобланиши керак;
Иккинчидан, маънавий қадриятлар ва миллий ғоя - жамият ҳаётининг жуда мураккаб ва серқирра, ўзаро узвий алоқадорликда бўлган соҳасилиги;
Учунчидан, шахс ҳаётида, умуман ижтимоий тараққиётнинг маълум даврларида моддий ва маънавий қадриятлар энг долзарб масала бўлиб, келажакда ҳал қилувчи восита хисоблангандир;
Тўртинчидан, миллий моддий ва маънавий қадриятлар халқнинг кундалик ҳаёти ва турмуш тарзида ўзига хос мезон вазифасини ўтайди;
Бешинчидан, халқимизнинг асрлардан-асрларга мерос тарзида келаётган модий ва маънавий қадриятлар узоқ тарихий жараёнда шаклланган она юртга эҳтиром, авлодлар хотирасига садоқат, катталарга ҳурмат, ҳаё, андиша каби хусусиятларнинг устуворлигини ўзида мужассамлаштириди.
Умуман, миллий маънавий қадриятлар ижтимоий ҳаётнинг ва маънавий борлиғимизнинг муҳим ва серқирра соҳаси бўлиб, инсон ва жамият камолотида муҳим аҳамият касб этади.
Адабиётлар:
-
И.Каримов. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.; Маънавият, 2008.
-
Халқ сўзи, 2006 йил 3 ноябрь.
Научный руководитель:
ф.ф.доктор, профессор Ж.Я.Яхшиликов