Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

АХЛОҚИЙ ВА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ УЙҒУНЛИГИ – ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ AСОСИ

Автор: 
Замира Эрматова (Самарқанд, Ўзбекистон)

И.А.Каримов томонидан таклиф этилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» да фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мазмун-моҳияти, хусусан, қонун устуворлигини ҳуқуқий ва маънавий-ахлоқий маданиятни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда юксалтириш орқали таъминлаш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилди.

Хусусан, Концепцияда шундай дейилади: “Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишлардан бири бу – қонун устиворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда”.

Уйғунлик масаласи жамият тараққиётининг барча даврларида файласуфлар, нафосатшунослар, ҳуқуқшуносларнинг доимо диққат марказида бўлиб келган. Фалсафий - ахлоқий, сиёсий ва ҳуқуқий адабиётларда кўрсатилгандек, Афлотун, Арасту, Цицерон, Гегель, Ж. Локк, Ж.Ж. Руссо, И.Кант, Т. Гоббс, Ш.Л. Монтескье каби машҳур файласуфлар қайд этилган мавзуни тадқиқ этганлар.

Шарқнинг буюк аллома, мутафаккирлари ҳамда давлат арбоблари – Абу Наср Фаробий, Иби Сино, Беруний, Ибн Рушд, А.Темур, А.Навоий, М.Бобур, кабилар адолатли давлат ҳамда жамиятда ахлоқ ва ҳуқуқнинг ўрни ҳақидаги ғоя, фикр ва мулоҳазаларини ўз асарларида акс эттиришга ҳаракат қилганлар.

Мустабид тузум даврида ушбу таълимотлар етарли даражада ўрганилмаган, агарда ўрганилган бўлса ҳам ўша даврда ҳукмрон бўлган ғоя ва мақсадлардан келиб чиққан ҳолда тақиқ этилган.

Мустақилликка эришилгандан кейин бебаҳо маънавий меросни ўрганишга, тарихий ҳақиқатни тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор берила бошланди.

Бугунги кунда фуқаролик жамиятини шакиллантириш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш бўйича олимларимиз томонидан қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда, булардан:

А.А.Азизхўжаев, М.А.Ражабова, А.Ҳ.Саидов, Ҳ.Т.Одилқориев, Ш.З.Ўразаев, М.Рустамбоев ва бошқа олимларнинг илмий ишлари фуқаролик жамиятини шакиллантиришнинг ижтимоий – фалсафий, ҳуқуқий - сиёсий жиҳатларини ёритишга бағишланган бўлса, Н.Комилов, А.Шер, И.Каримов, М.Оллаёров, Ш.Қаххорова У.Маҳкамов, Э.Юсупов, Муҳаммаджонова. Л, Бойтемирова З каби олимларнинг илмий асарларида, тадқиқот мавзуларида маънавий - ахлоқий масалалар чуқур ўрганилмоқда.

Лекин, “ахлоқ ва ҳуқуқий маданият уйғунлиги” масаласига оид фикр, ғоя ва таълимотларнинг назарий томонларини кенг ёритиш бўйича илмий асосланган хулоса, таклиф ва тавсиялар ҳали лозим даражада ишлаб чиқилмаган.

Уйғунлик (гармония – юнон. harmoniya) фалсафий тушунча бўлиб, унда борлиқдаги барча нарса, ҳодисаларнинг муайян фазо ва вақтдаги шакл ва мазмун бирлиги, ички мутаносиблиги, яхлит система тарзида мавжудлигини ифодалайди.

Шунга кўра уйғунлик ташқи дунё билан инсоннинг ўз-ўзини англаши ҳамда мақсад, манфаат ва эҳтиёжининг мувофиқ, мутаносиб келишининг объектив тарзда намоён бўлишидирки, шу боис у (уйғунлик) моҳиятан борлиқнинг универсал қонуни ҳисобланади.

Бугунги кунда, демократик ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларини, шу жумладан, маънавият ва қонунчилик соҳаларини ҳам чуқур қамраб олмоқда.

Ислоҳотларнинг пировард мақсади маърифий давлат ва фуқаролик жамиятни ҳар томонлама ривожлантиришдан иборатдир, шунинг учун уйғунликнинг ижтимоий борлиқ қонуни сифатида амал қилиши жамият ҳаёти тизими таркибий қисмлари, элементлари боғланишлари, алоқадорликлари ўзаро муаофиқ, мутаносиб келишлиги, ривожланишларнинг муайян даражасида намоён бўлиши билан шартлангандир.

Демак, фуқаролик жамиятининг туб моҳияти қуйидаги уч жиҳатнинг муштарак бирлиги орқали амалга ошади: ҳуқуқий давлатчилик ва унга мос бўлган сиёсий тизимни ташкил этишида; иқтисодиётнинг хусусий мулкчиликка таянувчи ривожланган бозор иқтисодиётини ифода қилишида; барча ижтимоий муносабатларнинг юксак маънавий заминга таянишида.

Жамиятни демократик шакиллантиришда, ривожлантиришда сиёсий ва иқтисодий омилларнинг аҳамияти ниҳоятда катталигини эътироф этган ҳолда, маданий, маънавий омил ва уларнинг уйғунлигига эришиш ва бунда айниқса, ҳуқуқий ва ахлоқий маданият роли масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Аҳолини, айниқса, ёшларни бой маънавий меросимиз, миллий ва тарихий анъаналаримизга, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанга муҳаббат, демократия ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳатларнинг ҳал қилувчи омилидир-ки бунда, ахлоқий ва ҳуқуқий маданият уйғунлиги муҳим ўрин тутади.

Ҳуқуқий маданият давлатчилик ривожи ва ҳуқуқий тизим етуклигининг, фуқаролик жамияти маънавий камолотининг, муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.

Мазкур маданият ижтимоий ҳаёт жараёнларига фаол таъсир кўрсатувчи, фуқаролар, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи ҳамда мамлакатнинг барқарор ривожланишини, мустаҳкамловчи меъёрий қадриятдир.

Маълумки, ҳуқуқий маданият даражаси қабул қилинган қонунлар сони ва ҳаттоки, уларнинг сифати билан ҳам эмас, балки уни оғишмай ҳаётга жорий қилиш, жамиятдаги инсонлар фаолиятида акс этиши ва умуман ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари билан уйғунлашишида кўринади.

Ахир, энг пишиқ ва пухта қонун ҳам амалда ўз ифодасини топмаса, устивор бўлмай қолаверади.

Ижтимоий маънодаги “ахлоқий-ҳуқуқий маданият” тушунчаси икки даражада: бутун жамиятнинг ахлоқий-ҳуқуқий маданияти ва алоҳида шахснинг ҳуқуқий-ахлоқий маданият даражасида талқин этилиши мумкин.

Шунинг кўра, ижтимоий ахлоқий - ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий институтлар ва муассасалар, ҳуқуқий онг ва ахлоқий нормалар, тамойиллар улар фаолиятнинг диалектик муштарак бирлигини ифодаловчи қадриятлар ва меъёрларининг сифат ҳолати деб баҳоланиши мумкин. Шахсга нисбатан эса у ҳуқуқий реалликни ўзлаштириш меъёри, ижтимоий ҳаёт, борлиқни идрок этишнинг ўзига хос ахлоқий кўзгуси тарзида намоён бўлади.

Айни вақтда, ҳуқуқий маданиятнинг мазмуни кўп жиҳатдан ҳуқуқий тизим, ҳуқуқий тамойиллар, ҳуқуқ тармоқлари ва нормалари мажмуи билан белгиланади. Қонунчиликнинг такомиллашуви ва қонунийликнинг мустаҳкамланиши, жамият ва шахс ҳуқуқий онгини мустаҳкамлайди.

Ахлоқий ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалиб бориши ижтимоий ҳаётнинг барча томонларига ўз таъсирини кўрсатиши ҳуқуқий демократик давлатга хос объектив қонуниятдир.

Ҳуқуқий маданият даражаси жамиятда қарор топган ҳуқуқий қадриятлар кўлами, уларнинг омма орасида кенг тарқалганлиги ҳамда улар томондан ихтиёр эркинлиги, ахлоқий танлов тамойили асосида ўзлаштирилганлиги билан ўлчанади.

Ҳар бир алоҳида олинган инсоннинг ҳуқуқий маданияти унинг ҳуқуқий қадриятларни, қонунлар мазмунини ўз қалби, шуурига қанчалик маънавий-ахлоқий мезонлар уйғунлигида сингдирганлиги билан белгиланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, қайд этилган жиҳатлар ва маънавий – маърифий тадбирлар ҳам шахс ҳуқуқий маданияти шунингдек, аҳоли ижтимоий ҳуқуқий фаоллиги даражасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Энг муҳими ушбу тадбирлар шошмашошарликлардан ҳоли бири иккинчисини тўлдирадиган соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қила оладиган, узоқни кўзланган ҳолда тадрижийлик асосида амалга оширишни тақозо этади.

Бу борадаги вазифаларни самарали ҳал қилиш мақсадида қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий ва таълим-тарбиявий чораларни амалга ошириш таклиф этилади:

-«ахлоқий ва ҳуқуқий маданият уйғунли» тушунчасининг илмий макомини асослашда маънавиятнинг давлат сиёсати даражасидаги мазмунини назарий умумлаштириш, уни ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамкорлигида илмий тадқиқ этишнинг мукаммал режасини тузиш зарур;

-жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий тизимнинг етуклик кўрсаткичидир.

-республика оммавий ахборот воситалари, ижодий уюшмалар, ўқув муассасалари миллий маънавият, ахлоқий қадриятларни тарғиб қилишда ўсмирларнинг ёш хусусиятлари, писихологик қобилиятларини хисобга олган ҳолда концепция ишлаб чиқиш, Ўзбекистан телевидениесининг «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи», «Оддий ҳақиқатлар», «Одами эрсанг», «Минг бир ривоят», «Ватанпарвар», «Эзгулик», «Ҳидоят сари» каби дастурларининг маънавий-ахлоқий таъсирчанлигини янада ошириш, боғча болалари, мактаб ўқувчилари, талабалар, умуман, мухлисларга мўлжалланган махсус маънавият кўрсатувлари сериалларини тайёрлаш, улардан маънавият ва тарбиявий соатларда ижодий фойдаланишга эришиш лозим;

-жамиятни фаол демократик янгилаш ва мамлакатни модернизация қилиш деб номланган ва бугунги кунда мантиқий давом этаётган жамият ривожланишининг иккинчи босқичида қуйидаги дастурий вазифалар: сиёсии ва иқтисодий ҳаёт, давлат ва жамият курилишининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва эркинлаштириш; мустақил суд тизимини мустахкамлаш; инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш; жамоат тартиби ва хавфсизлигини, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш тизимини такомиллаштириш; фуқароларнинг сиёсии, иқтисодий фаоллигини, ҳуқуқий онгини ошириш; фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш; кучли давлатдан кучли жамиятга изчил ва босқичма-босқич ўтилишини ҳуқуқий таъминлаш талаб этилади.

-Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишни ҳуқуқий таъминлашни такомиллаштириш, биринчидан, ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишни таъминлашга қаратилган янги қонунлар ишлаб чиқишни; иккинчидан, давлат ҳокимияти, айниқса ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришни; учинчидан, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг энг самарали йўналиши бўлган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мониторинги тизимини яратишни тақозо этади;

Хуллас, ҳар бир фуқаро учун қонун чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам четга чиқмаслик – энг муқаддас қонун бўлмоғи керак.

Зеро, уйғунлик масаласи нафақат умумфалсафий назария балки, умумҳаётий аҳамиятга молик бўлган том маънодаги “қонун”дир.

 

Адабиётлар:

1.Каримов. И.А “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисидаги маърузаси. 2010.

2. М.Ражабова. ҳуқуқ ва Адолат: Ўтмиш, бугун, исиқбол. Т., Юрист медиа нашрёти, 2010.

3. Х. Oдилқориев. Конститутция ва фуқаролик жамияти. Т., Шарк нашрёти 2002.

4. Ш. З.Уразаев, Власть и закон. Т., 1991.

3. Х. Oдилқориев. Конститутция ва фуқаролик жамияти. Т., Шарк нашрёти 2002. 221 б.



Научной руководитель:

Доктор наук философии,

проф: Кадирова Зухра Рашидовна

 

 

Каримов. И.А “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ”. Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлисидаги маърузаси. 2010 йил 12 ноябрь.

М.Ражабова. ҳуқуқ ва Адолат: ўтмиш, бугун, исиқбол.

Х. Oдилқориев. Конститутция ва фуқаролик жамияти.

Ш. З.Уразаев Власть и закон.

А.Х. Саидов. С. Султонов. ЎзР Конситутцияси ва инсон ҳуқуқлари.

 

 

Х. Oдилқориев. Конститутция ва фуқаролик жамияти. Шарқ. 2002й. Б-221.