Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ

Автор: 
Улуғбек Язданов (Самарканд, Узбекистан)

Маълумки, ҳар бир давр ўзига хос хусусияти ва аҳамиятли жиҳатлари билан ажралиб туради. Бугунги глобаллашув ва интеграциялашув даври ўзининг шиддаткорлиги билан инсоният цивилизациясига кучли таъсир ўтказмоқда. Халқлар ўртасидаги моддий ва маънавий интеграциялашувнинг нисбатан кенг тус олиши жамиятнинг ижтимоий ҳаётида ўзига хос ўзгаришларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Бугунги глобаллашув даврида жамоатчилик фикрининг жамият ижтимоий ҳаётидаги таъсири масаласи ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.

Томас Гоббс жамоатчилик фикрининг давлат ёки жамиятда олиб бориладиган ислоҳатлар устуворлигини, ривожланиш тенденциясини белгилашдаги ролини қўйидаги фикрлари асосида кўрсатиб беради: ...фикр маълум бир ижтимоий эҳтиёжларнинг ифодаси бўлиб, кишилар хатти-ҳаракатлари, уларнинг фикри билан бевосита боғлиқ ва агар кишилар фикрини эффектив бошқарилса, бу улар фаоллигини ҳам тартибга солишга ва ўз навбатида ижтимоий муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга имкон беради. [1, б. 182] дейди. Шу маънода ушбу тушунчани ўрганиш, давлат ва жамият бошқарувидаги аҳамиятини назорат қилиб бориш ва шакллантириш мотивларини ишлаб чиқиш барча замонларда, шу жумладан, бугунги даврда ҳам долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Чунки, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов таъкидлаб ўтганидек, “Бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Шу сабабли Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш фурсати етди” [2, б. 182] деб, XXI асрда жамоатчилик фикрида шаклланаётган фикр, мулоҳаза ва кечинмаларни инобатга олган ҳолда давлатда ислоҳатлар олиб бориш кераклигини кўрсатиб ўтади. Чунки, Немис файласуфи Г.Ф.Гегель айтганидек жамоатчилик фикрига “адолатлилик принциплари” [3, с. 341] асосида ва унинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш вақти келди. Шу нуқтаи назардан қараганда жамоатчилик фикри тушунчаси даврлар оша шаклланиб келаётган тушунча бўлиб, у турли даврларда турлича қарашларда акс этиб келганлиги билан ҳам аҳамиятлидир:

─ Ўруғ жамоаларининг шаклланиши, ишлаб чиқарувчи кучлар ривожидаги йирик ўзгаришлар, жамиятда ташкилотчилик хусусиятининг ўзгариши натижасида жамоатчилик фикри ижтимоий феномен сифатида нисбатан мустақил кўринишга эга бўла бошлаган. Бу даврда жамоатчилик фикри асосан баҳоловчилик хусусиятида бўлган.

─ Қулдорлик даврида маданият тараққиёти ва жамиятнинг синфларга бўлиниши жамоатчилик фикри тарихида янги сифатларни очиб берди. Бу даврда ижтимоий тузилмаларнинг алмашинуви ижтимоий фикр ичида кескин зиддиятларни олиб келди. Яъни, консерватор ўз манфаатларидан келиб чиқиб уруғчилик муносабатларининг сақланиши тарафдори бўлиб, тараққиётнинг ҳар қандай янгилигига кескин қаршилик кўрсата боради. Бу даврда жамоатчилик фикрининг дастлабки манипуляцияси – маънавий-ғоявий фикр пайдо бўлди.

─ Феодал ер эгалиги даврида жамоатчилик фикрининг мавқеи бир мунча ошди. Чунки, эндиликда “қуйи” тоифа фикри ҳам кенгайди ва фаоллашди. Бир томондан, унинг ривожида “ҳамма нарса Худодан” ва бошқа шу каби ақидалар асос бўлса, иккинчи томондан, халқнинг анъана, урф-одат, маданияти шаклланиши муҳим роль ўйнади.

─ Капитал ишлаб чиқариш даври - жамоатчилик фикрини назарий асослаш ва ўрганишнинг бошланиш даври бўлиб, бу ўринда дастлабки тадқиқотчилар сифатида француз социологи Г.Тард (1843-1904)ни келтириб ўтиш мумкин. Унинг фикрича, жамоатчилик фикри капитал ишлаб чиқариш давридаги социал жамоа сифатида шаклланган омма томонидан шакллантирилади. Бу жамоа (жамият) ҳаракатчан ва аниқ чегараларга эга бўлмаган, аста-секинлик билан омма ғоявий-психологик жараёнлари хусусиятини ўзига жалб қилиб боради. ОАВ орқали алоқаларнинг мустаҳкамланиши жамоатчилик фикрини шакллантиради [7, с. 38].

─ XIX аср ўрталаридан жамоатчилик фикри нафақат социологлар, балки ҳуқуқшунослар томонидан ҳам таҳлил қилинади. Бунда немис ҳуқуқшуноси Франц Гольцендорф (1829-1889)нинг “Жамоатчилик фикри” (СПб., 1899) асарини келтириб ўтиш муҳим. Унинг фикрича, жамоатчилик фикрининг пайдо бўлиши аҳолининг алоҳида қатламлари билан боғлиқ бўлган.

─ XX аср бошларида Рус олими В.М.Хвостов (1868-1920) “Жамоатчилик фикри ва сиёсий партиялар” номли асарини (М., 1906) нашр қилдиради. У жамоатчилик фикрининг пайдо бўлишини алоҳида ижтимоий гуруҳлар манфаатлари билан боғлиқ бўлган, дея таърифлайди. Шу тариқа, аста-секинлик билан жамоатчилик фикри деб аталмиш ҳодиса бўйича тажрибалар ва қарашлар пайдо бўлади.

─ XX асрнинг 60-йиллари ўрталарида бу ҳодисани ҳар томонлама ўрганишга киришилади. Бундай тадқиқотлар қаторига шўролар даврида ёзилган А.К.Уледовнинг “Совет жамиятининг жамоатчилик фикри” (М., 1963), Б.А.Грушиннинг “Фикрлар дунёси ва дунё ҳақида фикрлар” (М., 1967) каби асарларини киритиш мумкин.

─ 80-йилларда жамоатчилик фикри социологиясини гносеологик жиҳатдан таҳлил қилувчи асарлар яратилди. Масалан, В.С.Коробейниковнинг “Фикрлар мажмуаси. Жамоатчилик фикрининг табиати ва вазифалари” (М., 1981) ва ҳок.

─ 90-йилларда жамоатчилик фикрини эмпирик таҳлил қилишдан ташқари, унинг гносеологик ва социологик моҳиятини назарий-услубий таҳлил қилувчи асарлар туркуми юзага келди. Жумладан, Д.П.Гавра “Жамоатчилик фикрининг шаклланиши: қимматлилик аспекти” (СПб., 1995), “Жамоатчилик фикри ижтимоий категория ва ижтимоий институт сифатида” (СПб., 1995) сингари асарлари билан унинг тараққиётига катта ҳисса қўшди.

Лекин шунга қарамай, ушбу мезоний мазмунга эга бўлган тушунчани илмий-методологик жиҳатдан ягона тизимга келтиришга эришилгани йўқ. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, “Жамоатчилик фикри-фуқаролик жамиятининг ҳолатини ўзида аниқ акс эттирадиган бамисоли бир кўзгу. Лекин бизда жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам, уни шакллантириш ҳам яхши йўлга қўйилмаганини, бундай ёндашув сиёсий ҳаётимизнинг доимий белгисига айланиб улгурмаганини таассуф билан қайд этишимиз лозим [4, б. 26]” деб, таъкидлаб ўтади. Чунки, узоқ йиллар давлатда ҳукм сурган Совет мустамлакачилиги мамлакатдаги асрлар оша шаклланиб келган жамоатчилик фикри демократиясини таҳқирлаш асосида заифлаштириб қуйган эди.

Аммо бу бугунги кунда Ўзбекистонда жамоатчилик фикри мавжуд эмас экан деган хулосани бермайди. Чунки, Ўзбекистон тарихига назар солсак бу диёрда жамоатчилик фикри ва унинг аҳамияти қай даражада ривожланганлигини куришимиз мумкин. Масалан, Мовороуннаҳр халқлари жамоатчилик фикрининг салмоғини ислом қоидаларига мувофиқ ахлоқ тизими билан боғлиқликда қайд этишган. Бунда жамоа аъзоларининг тўғри ва ҳалоллиги, гуноҳ ишлардан қанчалик ўзларини фориғ тута билишларига эътибор қаратишганлиги билан ҳам изоҳланади. Манбаларда келтирилишича жамоа аъзолари гуноҳ йўлга киргудек бўлсалар, уларни исломий қоидалар асосида тарбиялаш зарурлиги ҳам уқтирилган. Хусусан, буюк мутасаввуф Нақшбандий «Бу тоифа аҳлидан ҳар ким бир гуноҳ қилса, унга чора-тадбир бор, бироқ ундан юз ўгириш раво эмас» [5, б. 80] деб, мамлакатда ҳукм сураётган осойишталик, адолатлилик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик каби улуғ тушунчаларни устуворлигини кўрсатиб ўтади.

Бундан ташқари, жамиятнинг барқарор тараққий этишида жамоанинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилган Абу Наср Форобийнинг «Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги» рисоласини ҳам келтириб ўтиш мумкин. Аллома бу асарида шундай ёзади: “Ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаши ва олий даражадаги етукликка эришмоғи учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади. Одамзод ёлғиз ўзи бундай нарсаларга эриша олмайди ва уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Шу сабабдан яшаш учун зарур бўлган нарсаларни бир-бирига етказиш керак” [6, б. 38] деб, жамиятдаги мавжуд муаммоларнинг объектив ечимини жамоатчилик фикрида шаклланган қонуниятларда деб кўрсатади. Умуман олганда ўша даврда жамоатчилик фикри халқнинг ижтимоий ҳаётда, унинг фаолиятида ва бевосита ахлоқий тамойиллари асосида шаклланиб борган.

Бугунги кунда ушбу мезоний тушунчанинг методологик асосларини янада такомиллаштириш бўйича мамлакатда бир қатор ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган илк йиллардан бошлаб бугунги кунга қадар жамоатчилик фикрини шакллантириш, ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, мамлакатда фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизми яратилиб, бир қанча ўзини-ўзи бошқариш институтлари, хусусан, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун», «Нуроний» жамғармалари, «Ижод» фонди, маҳалла фуқаролар йиғинлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотларининг фаолиятлари асосида жамоатчилик фикрини шакллантиришга қаратилган ислоҳатлар олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда шахс фикрининг жамоа фикрига монанд ва айнанлиги шу жамоага уюшган кишилар бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боисдан ҳам жамоатчилик фикри негизларидан бири унинг жамоавий хусусиятга эгалиги, унга ҳар жиҳатдан мустаҳкам таянишидир. Жамоа аъзоларининг ўзаро муносабатлари нечоғли мустаҳкам, беғараз ва табиий бўлса, жамоавий фикр ҳам шунчалик ҳаётий, кучли ва яхлит мазмун касб этади. Бу фикрлардан шуни англаш мумкинки, ҳар қандай жамият жамоатчилик фикри асосида ривожланади ва тараққий этади.

 

Адабиётлар:

1. Қаранг: Гоббс Т. Левиафан, или материя, форма и власть государства церковного и гражданского. Часть II О государстве // Антология мировой политической мысли. – М.: Мысль, 1997. – 182 б.

2. Қаранг: Каримов. И.А. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил, 12 ноябрдаги қўшма мажлисида сўзлаган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасидан. Халқ сўзи, 2010 й, 13-ноябр сони.

3. Гегель. Сочинения, том VII. М. – Л.: Соцэкгиз, 1934. – 341 с.

4. Каримов И.А. Биз танлаган йўл-демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. 11– жилд, – Т.: Ўзбекистон, 2003. – 26 б.

5. Қаранг: Баҳовуддин Балогардон. – Т.: Ёзувчи,1993. – 80 б.

6. Буюк сиймолар, Алломалар. – Т.: Шарқ, 1995. – 38 б.

7. Тард Г. Общественное мнение и тольпа. – М.: 1905.– 38 с.

 

Научный руководитель:

 

ф.ф.доктор, профессор Саид Мамашокиров