Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

МИССИОНЕРЛИК ҲАРАКАТИ: ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ТАҲЛИЛ

Автор: 
Сахиба Язданова (Самарканд, Узбекистан)

Инсониятнинг цивилизациявий тараққиёти шуни кўрсатдики, жамиятда содир бўладиган ҳар бир воқеа ва ҳодисалар жараёнининг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари, ҳамда буларни келтириб чиқарувчи шароит, омиллари мавжуд бўлиб, жамиятнинг ҳар бир соҳаси ўша жамиятни ташкил этувчи кишиларнинг хатти-ҳаракатлари, муносабатлари, эътиқод ва дунёқарашлари билан бевосита боғлиқ бўлади. Шу жумладан миссионерлик фаолиятини келтириб чиқарган сабаблар, тарихий илдизлар, унинг моҳияти, генезиси ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари, пайдо бўлиш шарт-шароитлари мавжуддир.

Жамият ижтимоий муносабатлари тизимида дин, эътиқод ва мафкура энг асосий тамойиллар сифатида эътироф этилиб, диннинг инсон онгига сингиши ёки сингдирилиши масаласи алоҳида муаммодир ва бунда миссионерлик ҳаракати барча даврлар ва халқларга хос фаолият ҳисобланади.

Миссионерлик деганда бир дин вакилининг бошқа диндаги кишилар орасида ўз динини тарғиб қилиши тушунилиб, бу ҳаракатнинг илк пойдеворини христиан эътиқоди билан боғлаб таҳлил қиладиган бўлсак, қуйидаги йўналишлар кўзга ташланади: биринчидан, миссионерлик ҳаракатига христиан дини, иккинчидан, ислом дини, учинчидан, маълум даврларда ҳукмрон бўлган мафкуравий ёндошувлар асосида вужудга келган асар, тадқиқотлар, хусусан собиқ совет атеистик мафкураси нуқтаи-назаридан ёндошиш мумкин.

Шунингдек, биз илмий манбаларни таҳлил эта туриб қуйидаги фикр ва қарашларга ҳам дуч келдик. Хусусан, «Бугунги кунда машҳур диншунос олимлар сифатида эътироф этилган айрим кишиларнинг ўзлари ҳам аслида илк христиан миссионерлари бўлиб, уларнинг аслида ким бўлгани ва қандай шароитда «дунё таниган диншунос мутахассисга» айланганини билмаслик, улар фаолиятини бир ёқлама баҳолашнинг натижаси бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Масалан, Уильям Джонс (1746-1794) санскрит тилини биринчи бўлиб ўрганган, Франц Боппом (1791-1867) эса санскрит тили луғатини тузган. Таниқли диншунос сифатида эътироф этилган Жозеф Лафито (1681-1746), Шимолий Америкада Шарль Де Бросс (1709-1777), Ғарбий Африкада инсон қадами етиши қийин бўлган жойларгача бориб, ибтидоий ҳаёт кечирадиган халқларнинг тили, дини, урф-одатлари тўғрисида ноёб маълумотларни тўплашган. Маттео Рикки (1552- 1610) эса Хитойда айнан шундай фаолият билан шуғулланган бўлиб, улар ўз фаолиятларининг ҳосиласи сифатида иш олиб борган минтақаларидаги диний қарашлар ҳақида бир қанча асарлар ёзиб қолдиришган. Ж.Лафитонинг «Ёввойи америкаликлар урф-одатларининг ибтидоий давр урф-одатлари билан қиёси» (1723), Ш.Де Бросснинг «Фетиш худолар ҳақидаги трактат» (1760) номли асарлари шулар жумласидандир. Аммо улар бу ишларни қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширган, нима учун босиб олинган Осиё, Африка ва Америка мамлакатлари ҳудудларини тарихий, географик ва этнографик жиҳатдан тадқиқ қилиш, маҳаллий халқлар учун ёзувлар, луғат ва дарсликларни яратиш билан шуғулланганлар? Улар таҳлил қилган диний қарашлар, урф-одат ва маросимлар ҳозирда бутунлай йўқ бўлиб кетганини қандай изоҳлаш мумкин? Агар ана шу саволларга тўғри ва холис илмий асосда жавоб берадиган бўлсак, улар ўзига хос миссионерлик фаолияти билан самарали шуғулланганлар ва ёзиб қолдирган асарларининг бугунги кундаги қимматидан қатъи назар, уларни диншунос, ўлкашунос деб эмас, балки христианликни ёйиш жабҳасида сезиларли ютуқларга эришган миссионерлар деб аташ мумкин.

Аввало миссионерликнинг луғавий, илмий-фалсафий моҳияти ва у қандай фаолият эканлигига эътиборни қаратиб, ушбу тушунчанинг асл мазмунини очиб бериш жуда муҳимдир.

Миссионерлик сўзи лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», «миссионер» эса «вазифани бажарувчи», «миссионерлик» эса белгиланган вазифани ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуи маъноларини билдиради.

Бугунги кунда ҳаётимизда учраб турган ҳар хил сабабларга кўра айрим кишиларни ҳали у диндан бу динга ва бошқасига ўтиб юриши аслида миссионерларнинг фаол ҳаракатлари натижасидир ва эътиқодсизликдан дарак беради. Чунки эътиқодсиз, ёки мутаассиб кишилар фанатизм ҳаттоки давлат тунтаришлари учун восита бўлиб қолаётганлари ҳеч кимга сир эмас. Бизга ёт шароитларда ғаразли мақсад билан ишлаб чиқилган «таълимот»ларни хориждан олиб келиниши, ислом ва христианлик динларининг бир-бирига қарши қўйилиши ёки келиштиришга уринишлар соф диний эҳтиёжлардан ташқарида бўлиб, халқимизнинг тинч, осойишта турмуш тарзига таҳдид солиши, келажак авлод ҳаётини издан чиқариши ва табиийки, жамиятда беқарорликни вужудга келтириши, ҳар биримизни қаттиқ ташвишга солиши аён.

Ўзбекистонда бу вазиятни юзага келтириши мумкин бўлган хилма хил омиллар мавжуд. Биринчидан, ислом ва христиан дини ривожланган давлатлар ўртасида ўзаро савдо, маданий муносабатлар орқали бир-бирига таъсир этиш кучли бўлиб, дастлаб муайян даражада ижобий кўринишга эга бўлган оқимлар вужудга келди, аммо собиқ империянинг қулаши билан минтақа халқлари орасида мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлиб, омма орасида тарихий анъаналарга интилиш, миллий урф-одатлар ва инсоний қадриятларга қайтиш ва уларнинг исломий анъаналар билан боғлиқлиги ҳолатлари сабаб бўлди. Бу эса, қайсидир хорижий мафкура марказлари фаолиятини фаоллаштириши учун имкон яратиб, улар минтақа ва юртимизга халқаро ислом ва бошқа конфессия марказлари, нодавлат ташкилотлар кўринишида кириб келди ва ўз маблағлари эвазига ғаразли мақсадларини амалга оширувчи миссионерлар учун йўл очиб берди.

Ҳозирги даврда миссионерлар ҳамласида жуда катта хавф яширинган бўлиб, ғоявий кураш тобора янги қиёфага кирди ва Президент И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида ана шундай ҳаракатлар натижасида катта маънавий йўқотишлар юз бераётгани, миллатнинг асрий қадриятлари, миллий тафаккури ва турмуш тарзи издан чиқаётгани, ахлоқ-одоб, оила ва жамият ҳаёти, онгли яшаш тарзи жиддий хавф остида қолаётганини кузатиш мумкин. Энг ёмони, бундай хуружларнинг пировард оқибати одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, ватанпарварлик туйғуларидан маҳрум этишга ва ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айлантиришга қаратилганида намоён бўлмоқда».[1, б. 12-13]

Эзгу мақсадлар йўлида вужудга келиб, жамиятни бирлаштирган ва олий[1, с. 23] мақсад сари етаклаган динлар бугунги кунга келиб айрим сиёсий кучларнинг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун хизмат қилаётганлиги албатта ачинарли ҳолдир.

Мустақиллик Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари каби маънавий жараёнда ҳам ислоҳатларни амалга ошириб, динга бўлган муносабат тубдан ўзгарди ва виждон эркинлиги ҳуқуқий кафолатланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди»,[2, б. 8] 61-моддасида эса «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди»,[3, б. 13] 34, 56, 57, 58 моддаларда диний ташкилотлар ташкил қилиш ва уларга кириш ҳуқуқи, қонун олдида тенгҳуқуқлилик ва давлатнинг диний ташкилотлар ишига аралашмаслиги, диний-сиёсий партиялар тузиш таъқиқланганлиги, [4, б. 12] «Диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслик» [5, б. 43-44] кабилар кўрсатилиб, дунёвий давлат ва дин муносабатларининг асосий тамойиллари белгилаб берилди.

Шу асосда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллатга мансуб турли дунёқараш ва турмуш тарзида яшаётган аҳоли учун қонунга мувофиқ, диний эътиқод эркинлиги мавжуд, аммо ташқи ғаразли кучларнинг даъвати ёки ташвиқотлари натижасида, айниқса, нотўғри талқиндаги диний адабиётларни тарғиб қилиш, уларни ғайриқонуний равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар туфайли фуқароларнинг виждон эркинлиги ва ҳуқуқларини эркин амалга оширишларига салбий таъсир қилиб, муқаддас эътиқоди сусайишига сабаб бўлмоқда.

Дарҳақиқат, маънавиятга қарши қаратилган таҳдидлар миллатнинг минг йиллар давомида сақлаб келаётган миллий ғурур, ифтихор туйғуларига, озод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, юксак тараққиётга чорлаш каби мақсадларига катта зарба беради.

Шу боис, Ўзбекистон ҳудудида легал ва нолегал диний фаолият юритаётган прозелитизм, миссионерлик ҳаракати ва бошқа шу каби диний уюшмаларнинг фаолиятларига, жамиятда вужудга келиши мумкин бўлган ижтимоий хавф-хатарларни олдини олишга қаратилган бир қатор воситалар, амалий тавсияларни ишлаб чиқиш ниҳоятда муҳимдир.

Фуқаролар миллий, сиёсий, ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онги даражасини янада юксалтириш лозим бўлиб, улар юксак бўлган жойда инсон ҳаёти ва жамият манфаатларига путур етмайди. Ўзбекистон ҳудудида легал ва нолегал диний фаолият юритаётган прозелитизм, миссионерлик кабиларнинг ривожланиши ва ижтимоий хавфига чек қўйилади.

Жамиятда турли диний ва ғоявий қарашдаги аҳоли табақалари интилишларини уйғунлаштириш, уларни мамлакат тараққиётини белгилайдиган ғоя атрофида бирлаштириш фавқулодда катта салоҳият тақозо этади. Айни чоғда умумий фикрларга келиш ҳар бир инсон эркинлиги, шахсий талаблари ва рағбатни бўғиш ҳисобидан бўлмаслиги ҳам зарур. Президент И.А.Каримов, «Бизда муросанинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз ҳудудида исломнинг ўлмас ва мангу қадамжолари билан япон олими Като Сурхондарё воҳасидан топган ноёб Будда маданияти ёдгорликлари, Бухорода насронийларнинг зиёратгоҳлари бир қаторда туриши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бугунги кунда шаҳарларимизда турли динларга мансуб муассасалар – мусулмонларнинг масжидларини, православ ибодатхоналарини, яҳудий синагогаларини, католик ва протестант мазҳабларининг турли шахобчаларига оид ибодатхоналарни кўришингиз мумкин»[5, ж. 4] - дейди. Шу билан бирга Президент И.А.Каримовнинг - «Огоҳ бўлинг, одамлар!» - деган даъвати ҳам муҳимдир. Фахрланиш мумкин ва лозим бўлган бебаҳо қадриятлар – ўз мустақиллигимизни, тинчлигимизни, жамиятда миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги тотувликни асранг. Ўз эркимизни қандай тасарруф этиш, уни бугунги мураккаб ва баъзан шафқатсиз дунёдаги ҳаддан зиёд хавф-хатарлардан сақлаш ҳар биримизга боғлиқдир»[4, б. 10] - деб таъкидлайди Президент И.А.Каримов. Чунки оч қолган инсон нонга, ташна сувга интилганидек, руҳан қашшоқ башарият – маънавий, руҳий озуқага интилиши асл ҳақиқат.

Шунинг учун глобаллашув даврида ўзлигимизни, миллийлигимизни асраб-авайлаш, диний қадриятларга содиқ бўлиш ва ана шу содиқлик туйғусини ўсиб келаётган ёш авлод онгига муҳрлаш, ота-боболаримизнинг бебаҳо меросларидан кўпроқ баҳраманд бўлиш, миллий анъаналарни чуқурроқ тушуниб, келажакка асосли етказиб бериш лозим.

 

Адабиётлар:

  1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.

  2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2010.

  3. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2010.

  4. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. – Т.: Ўзбекистон, 1997.

  5. Каримов И.А. Бунёдкорлик йўлидан. - Т.: Ўзбекистон, 1996.

 

Научный руководитель:

 

ф.ф.доктор, профессор Журабек Яхшиликов