Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ ЎРНИ

Автор: 
Улуғбек Язданов ( Самарканд, Узбекестан)

Барча даврларда айниқса, бугунги кунда кенг қамровли, такомиллашган жамоатчилик назоратисиз ҳуқуқий демократик тамойилларга асосланган фуқаролик жамияти мавжуд бўла олмайди. Бошқача айтганда, давлат органлари устидан кучли жамоатчилик назоратининг мавжудлиги – фуқаролик жамиятининг энг биринчи шартидир.

Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати институтини мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ ривожлантиришга катта эътибор бериб келинмоқда. Бу ҳақда юртбошимиз шундай дейди: “Агар биз жамоатчилик назоратини таъминламас эканмиз, яъни жойларда давлат муассасалари устидан жамоатчиликнинг назоратини ўрната олмасак, мавжуд салбий ҳолатларни таг­томири билан суғуриб ташлаш учун имкониятлар бўлмайди. Бу иллат бу касаллик билан кураш олиб боришнинг бошқача йўли йўқ” [1, б. 42-43].

Дунё мамлакатлари қаторида жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиб бораётган мамлакатимиз демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш сари салмоқли қадамлар қўймоқда. Тараққий этиб бораётган мамлакатимизда мавжуд фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришимиз учун жамиятнинг муҳим назорат институти сифатида фаолият кўрсатиши лозим бўлган жамоатчилик назоратининг назарий­методологик томонларини янада бойитиб, амалиётга татбиқ этишимиз лозим.

Президентимиз Ислом Каримовнинг ушбу масала юзасидан белгилаб берган ғоялари ғоят муҳимдир. “Жамият ҳаётини демократлаштириш шароитида ислоҳатларни жамоатчилик назорати остида амалга ошириш ...ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ана шундагина биз ушбу ислоҳатлардан кутилаётган натижа ва самараларга эриша оламиз” [2, Халқ сўзи, № 145], дейди.

Давлат органлари устидан кучли жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократиянинг муҳим шартидир. Давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар кадр ўз фаолиятининг жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиши жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳозирги даврда муҳим вазифалардин бири саналади.

Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов бу масалага алоҳида тўхталиб, “Бугунги кунда жамоатчилик ва фуқаролик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Шу сабабли Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш фурсати етди” [3, Халқ сўзи, № 655], - деб таъкидлаган эди.

Бундан кўриниб турибдики, фуқаролик жамиятида фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, давлат органларида ишлаётган ҳар бир раҳбар ходим ўз фаолиятининг жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиши жамият ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз Ислом Каримов Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясида давлат назорат функцияларига нисбатан жамоатчилик назорати афзалроқ ва муҳимроқ эканига тўхталиб шундай дейди: «Шуни унутмайликки, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ»[4, б. 10].

Жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг Юртбошимиз томонидан олға сурилаётган ғоявий ва назарий масалалари бугунги кунда барча фан соҳалари намоёндалари томонидан қизғин ўрганилмоқда, мавжуд муаммоларнинг ечимлари қидирилмоқда. Шу боисдан ҳам жамоатчилик тушунчаси, уни амалга оширувчи субъектлар, назоратга тортиладиган объектлар қиёфаси, назоратга тортиш шакли ва услублари тўғрисида бир қанча ёндашувлар бўлиши табиийдир. Бундай ҳолат жамоатчилик назорати тушунчасига яна бир марта тўхтаб ўтишни тақозо этади.

Жамоа назорати объектлари фаолиятининг Конституция моддалари, қонунлар, бошқа меъёрий­ ҳуқуқий хужжатларга мослиги ва улар томонидан давлат интизомига риоя қилиниши устидан фуқароларнинг ташкилий расмийлаштирилган фаолияти жамоат назорати деб номланади [5, б. 26]. Бундан ташқари, жамоатчилик назорати - фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири саналади. Жамоатчилик назорати, бир томондан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилса, иккинчи томондан, фуқароларни ҳақ­ҳуқуқларини мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти­ ҳаракатларидан ҳимоя қилиш механизми вазифасини ўтайди.

Жамоат назорати қонунийлик, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, ихтиёрийлик ва ошкоралик тамойилларига таянган ҳолда амалга оширилади. Жамоатчилик назорати генезисига мамлакатимиз мисолида эътибор қаратадиган бўлсак, у узоқ тарихий илдизларга эга. Чунончи, у азал-азалдан маҳаллалар, оқсоқоллар кенгаши кўринишларида амал қилиб келган. Жумладан, ҳар бир оилада ота-оналар томонидан фарзандлар тарбиясига бефарқ бўлмаслик, огоҳ бўлиш каби фазилатлар сингдирилган ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда фарзандларнинг масъулияти маълум бир меъёрлар билан белгилаб берилган. Ёши улуғ кексаларимизнинг айтишича, азал-азалдан бирор бир маҳаллага нотаниш киши ёки меҳмон кириб келса, унга “Кимсиз?”, “Қаердансиз?”, “Қандай юмуш билан маҳалламизда юрибсиз?” каби саволлар берилган ва бу ҳолат жамоатчилик назорати сифатида намоён бўлган.

Жамоатчилик назоратига оид қоида ва нормалар мамлакатимизнинг амалдаги 30 дан ортиқ қонунларида, шу жумладан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, экологияга оид бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилишнинг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, ушбу ҳужжат “Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалда қарор топишига зарур шарт-шароит яратиб, фуқаролик жамиятида жамоатчилик назорати, фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва бурчларини бошқалар билан биргаликда адо этадиган, жамият бошқарувини шакллантирадиган, инсон – жамият – давлат ўртасидаги мувозанатни ушлаб туришга хизмат этадиган ижтимоий институт сифатида ривожланиб бораверади.

 

Адабиётлар:

  1. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. Тошкент: Ўзбекистон, 2010. - 42­43 бетлар.

  2. Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 июл мажлисидаги маърузаси.

  3. Каримов И.А. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил, 12 ноябрдаги қўшма мажлисида сўзлаган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» номли маърузасидан. Халқ сўзи, 2010 й, 13-ноябр сони.

  4. Каримов И.А. «Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли». Т. 11. - Т.: Ўзбекистон, 2003. ─ 10 бет

  5. Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси Илмий кенгашининг 2012 йил 7 февралидаги 5­сонли мажлиси қарори билан нашрга тавсия этилган “Ўзбекистон демократик ислоҳатлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида” мавзусидаги, республика илмий­амалий конференцияси материаллари тўплами. Тошкент, 2012. ─ 26 бет

 

Научный руководитель:

ф.ф.доктор, профессор Ж.Я.Яхшиликов.