Автор:
Бустаной Эшболтаева, Бахритдин Бозоров (Самарканд, Узбекистан)
Мавзунинг долзарблиги: Бугунги кунга келиб республикамизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ушбу йилни обод турмуш йили деб эълон қилиниши ҳам соғлом авлод баркамоллигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Айни пайтда ёшлар орасида қон ва қон ивиш жараёнларига оид бир қатор патологик ҳолатларнинг юзага келаётганлиги, масалан бурундан қон кетиши ва шунга ўхшаш геморрагик диатезларнинг ортиб бораётганлиги ва уларни олдини олишда К витаминларига бой бўлган маҳсулотлардан фойдаланиш долзарб масалалардан бўлиб ҳисобланади. Турли ёшдаги болалар организмида бир қатор витаминлар (авитаминоз, гиповитаминозлар) етишмаслигининг ўзиёқ, камдармонлик, турли бош оғриқлари, кўрув ўткирлигининг пасайиши, шапкўрлик, тез чарчаб қолиш каби салбий ҳолатларга олиб келмоқда. Натижада балоғат ёшидаги болалар организмида моддалар алмашинувининг бузилиши ва айниқса, тезда бурундан ва бошқа органлардан қон оқиши каби патологик жараёнлар юзага келмоқда. Бундай ҳолатларнинг сабаби сифатида қон ивиши жараёнининг бузилишлари ва айниқса бунда К витамини етишмаслиги, Са+ ионлари тақчиллигини асосий сабаб сифатида кўрсатишимиз мумкин [1].
Тадқиқот ишининг мақсади: Тадқиқот ишининг мақсади турли ёшдаги болалар организмида қон ивиши жараёни билан боғлиқ бўлган организмнинг ҳимоявий реакциясини, физиологик-биокимёвий хусусиятларини лаборатория шароитларида таҳлил қилиш ва бунда рационал (К витаминига бой) овқатланишнинг аҳамиятини ўрганишдан иборат.
Материал ва услублар: Организм тўсатдан жароҳатланганда ҳимоя реакцияси ишга тушади ва қон лахта ҳосил қилиб, ивийди. 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган 20 та болалар қонининг ивиш жараёнлари ўрганилди. Қоннинг ивиш жараёни қуйидаги усулларда аниқланди. Болалар қонидаги тромбоцитларни аниқлаш усули. Маълумки қон ивишида тромбоцитлар ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Тромбоцитлар 140 йил олдин Донне томонидан очилган [2]. Улар 2-5 микрон диаметрдаги, 3 қаватли, мембранали қон ҳужайрасидир. Тромбоцитларнинг доначалари бор қисми грануломер, дончалари йўқ қисми гиаломер деб аталади [3].
Тромбоцитлар сонини Файсли ва Людин усулида аниқлаш. Чап қўлнинг номсиз бармоғи спирт ва эфир билан артилиб, қон олиш учун мўлжалланган перо ёрдамида тешилади. Эритроцитлар қориштирувчисига тегишли белгисигача қон олиниб 101 белгигача Файсли-Людин суюқлиги олинади. Қориштирувчининг ичидаги суюқликлар яхшилаб аралаштирилиб 30 дақиқа сақлангандан сўнг бир томчиси Горяев саноқ камерасига томизилади. Камера 5 дақиқа ҳўл дока солинган Петри идишига қўйилади. Сўнгра 80 та кичик квадратдаги тромбоцитлар саналади. Олинган рақамга 3 та ноль қўшилади. Масалан, 80 та кичик катакчаларда 240 та тромбоцит саналса, шунга 3 та ноль қўшиб, 1мм3 қондаги тромбоцитлар сонини топамиз бу эса 240000 тани ташкил этади. Лаборатория таҳлиллари шуни кўрсатдики, янги туғилган болаларнинг 1 мм3 қон таркибида 150000 дан 350000 тагача, эмадиган болаларда – 150000 дан 424000 тагача тромбоцитлар борлигини аниқланди. 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларда 200 мингдан 300 минггача тромбоцитлар бўлади. Қон ивишини Сахаров усулида аниқлаш. Одамнинг чап қўли номсиз бармоғидан 70 % ли спирт тампон билан стирел қилиб бир марталик игна билан тешилади. Тешилган вақт секундомерда белгиланади. Буюм ойначасига 2 томчи қон томизиб, скарификатор ёрдамида фибрин ипи ҳосил бўлиш вақти аниқланади ва сўнгра тўлиқ ивиш вақти аниқланади. Нормада 1,5 дақиқадан тугаш вақти 5 дақиқагача. Бунда 1,5 дақиқада ивиш бошланиб бу вақтда фибрин иплари ҳосил бўлиб, 5 дақиқада қон тўлиқ ивийди. Қон ивувчанлиги юрак қон томир, қон босими юқори бўлган беморларда тез бўлиши кузатилади. Бунда қон қуюқ бўлиб томирларда айланиши суст бўлади. Қоннинг ивувчанлигини кечикиши ҳам касаллик ҳолати бўлиб, бунда жароҳатланган ёки лат еган аъзодан қон оқиши тезда тўхтамайди.
Олинган натижаларнинг таҳлили: Қон жароҳатланмаган томирлар бўйлаб ҳаракат қилар экан, у суюқлигича қолади. Лекин, томир жароҳатланиши билан жароҳат юзасида қон лахтаси ҳосил бўлади. Қон лахтаси (тромб) тиқин сингари жароҳатни қоплайди, қон оқими тўхтайди ва яра секин-аста тузалади. Агар қон ивимаганида, кичкина тирналишдан ҳам одам қон йўқотиб ўлиши мумкин эди. Қон томиридан чиққан одам қони 3-4 дақиқада ивийди.Қоннинг ивиши организмнинг муҳим ҳимоя реаксияси бўлиб ҳисобланади, у қон йўқотилишини олдини олади ва шу йўл билан айланиб юрувчи қон миқдорининг доимийлиги таъминланади. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, соғлом бўлган ёш болалар ва катталар қонининг ивиш вақти деярлик бир хил эканлиги аниқланди (норма чегарасида катталарда 3-4 ва болаларда 5-5.5 дақиқагача). Қон ивишининг асосида қон плазмасидаги эриган ҳолдаги фибриноген оқсилининг физик-кимёвий хусусиятларининг ўзгариши ётади. Қон ивиш жараёнида фибриноген оқсили эримайдиган фибринга айланади ва у майда нозик ипчалар шаклида кўринади. Фибрин ипчалари жуда майда тўрчалар ҳосил қилади ва унда қоннинг шаклли элементлари ушлаб қолинади. Қон лахтаси ёки тромб ҳосил бўлади. Секин-аста қон лаҳтасининг зичлашиши юз беради, зичланиш натижасида жароҳатнинг четларини тортади ва шу йўл билан жароҳатни битишини таъминлайди. Қон лахтасининг зичлашиши пайтида ундан сарғич тиниқ суюқлик –зардоб ажралади. Олинган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, қон лахтасининг зичлашишида тромбоцитлар муҳим ролни ўйнайди, яъни қон лахтасининг сиқилишини таъминловчи моддаларни сақлайди. Қон плазмасида эриган ҳолдаги фибриногенни эримайдиган фибрин оқсил ҳолатига ўтиши тромбин ферменти таъсири остида амалга ошади. Қонда доимий ҳолда жигарда ишлаб чиқиладиган нофаол ҳолдаги тромбин- протромбин сақланади [1, 2]. Шундай қилиб, қонда бир вақтнинг ўзида иккита: қонни ивитувчи ва уни ивишдан сақловчи тизимлар мавжуддир. Маълум даражадаги ушбу тизимларнинг мувозанати туфайли томирлар ичида қон ивимайди. Жароҳатланганда ва айрим касалликлар пайтида бу мувозанат бузилади ва қонни ивишига олиб келади. Қон ивишини лимон ва отқулоқ кислоталарининг тузлари ивиш учун зарур бўлган калций тузларини чўктиради ва бу жараённи тормозлайди [4]. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги кунда «коагулология» (қон ивиши ҳақидаги) фаннинг хулосаларига кўра қон ивиши одам организми учун ўта муҳим биологик жараён бўлиб, бунда истеъмол қилинаётган овқатлар таркибида етарли миқдорда витаминлар, айниқса, К витаминлари етарли миқдорда бўлиши зарур. Қон ивиши ва уни бузилишларини олдини олиш бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бўлиб, турли касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволашда тиббий-биологик аҳамиятга эга.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Зохидова Д.У. Қон ивиши биокимёси ва унга витамин К нинг таъсири.//
Магистрлик диссертацияси. Самарқанд, 2009. Б.-23-25.
2. Кассирский И.А., Алексеев Г.А. // Клиническая гематология.// М.: Медицина, 1970. С.433-450.
3. Нажмитдинов С.Т. Клиник гематология асослари.// Тошкент, 1998.
Б.-126-128.
-
Rajamurodov Z.T., Rajabov A.I. Odam va hayvonlar fiziologiyasi.// Toshkent, 2010. 63-64 b.