Автор:
Олмос Турсунова (Самарқанд, Ўзбекистон)
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари азалдан ўзининг қонуниятларига эга бўлган. Ҳуқуқ манбаларимизнинг илк намуналаридаёқ инсон ҳуқуқларига катта эътибор берилганлиги, инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қайд этилган. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари шарқона урф-одатлар, миллий ғоя, миллий мафкура, ўзбек миллий фалсафа асосида шаклланиб келган. Инсон ҳуқуқлари миллатимизнинг ҳуқуқий маданиятида, дунёқарашида муҳим ўрин тутган. Тарихий даврлар мобайнида инсон ҳуқуқлари масалалари буюк аждодимиз Амир Темур ғояларида асосий нуқтани эгаллаган. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, Амир Темурнинг «Темур тузуклари» Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлими моддаларининг бош мезонидир. Чунки, ўзбек давлатчилигининг ҳуқуқий манбаси ҳисобланмиш «Темур тузуклари»ни зикр этилган ҳужжатлар билан таққослаганда, инсон, унинг қадр-қиммати, шаъни, эркинлиги ўша даврлардаёқ олий қадрият ҳисобланган. Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек: «Мустақил Ўзбекистоннинг куч-қудрат манбаи – халқимизнинг умуминсоний қадриятларга содиқлигидир» (1).
Юқоридаги фикрларнинг исботи тариқасида «Темур тузуклари» ва Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг иккинчи бўлимида назарда тутилган фикрларни кўриб чиқишни тавсия этган бўлар эдик. Жумладан, «Темур тузуклари»да инсон ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари борасида қуйидаги сатрларни кўриш мумкин: «Ҳар вақт кенгашчилар йиғилиб, мажлис очилар экан, яхши-ёмондан, фойда-зиёндан, олдимиздаги ишларни қилиш-қилмасликдан сўз очиб, улардан фикр сўрар эдим. Буларнинг сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мулоҳаза қилиб, фойда-зиёнларини кўнгилга келтирардим» (2, 15). Ушбу тузукка яқинроқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасини ҳисоблаш мумкин: «Ўзбекистон республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эагдирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга ооширилади» (3, 15).
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга» (3, 14) дейилган, «Темур тузуклари»да эса: «Ҳар кимдан сўз олиб кенгаш сўрар эдим» (2,16) шунингдек, Амир Темурнинг фикрича: «Салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. Қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин» (2, 69).
Амир Темурнинг «Темур тузуклари»га кўра: «Золимлар етказган ашёвий ва зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнигабошқасига жабр-зулм ўтказмадим» (2, 54) дейилган, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 8-моддасига назар ташлайдиган бўлсак: «Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга» (4, 185) шунга яқин фикрни кўришимиз мумкин.
Тарихий-миллий қомусномамизга кўра: «Саййидлар, уламою машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, хабарчилар (тарихчилар)ни танланган, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини жойига қўйдим. Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайдилар. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қилдим. Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим» (2, 55), шу фикрларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида кўриш мумкин: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт» (3, 12).
Шунингдек, «Темур тузуклари»да: «Одам Атодан бошлаб Ҳотам ул-анбиёгача, улардан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунлари ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифетларидан намуна олиб, унга амал қилдим» (2,55), Республикамиз фуқароларининг бурчларида ҳам шуни қонуний мустаҳкамланганлигини айтиш мумкин: «Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар» (3, 18).
Амир Темур даври ҳуқуқий нормасида келтирилишича: «Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф-улуғлари ва бузурглари билан ошна тутиндим. Уларнинг мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис-хабарчилар) белгиладим» (2, 56), «… мазкур тоифа ва табақалардан бўлган саййидлар ва уламони иззат-ҳурмат қилишни, ҳар қандай истаклари бўлса дарҳол муҳайё этиб, муқаррар равишда уларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни буюрдим» (2, 67), шу фикрларни Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 2-моддасида кўриш мумкин: «Ҳар бир инсон ирқи, терисининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарур. Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъи назар бирор-бир айирмачилик бўлмаслиги керак» (4, 184).
«Темур тузуклари»да: «Турку, тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларига – яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менинг хизматимни қилган бўлса, хизмати ҳаққини адо этдим. Кимки менга душманлик қилса-ю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз уриб олдимга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим» (2, 56), Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 1-моддасида эса: «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарларча руҳда муносабатда бўлишлари керак» (4, 184) дейилган.
Амир Темурнинг тузукларида: «Фарзандлар, қариндошлар, ошна-оғайни, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, ҳақларини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол боғлаб, ўлдиришга буюрмадим. Ҳар кимни турли йўллар билан синаб билим олдим ва уларга шунга яраша муомала қилдим» (2, 56), Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 25-моддасида эса: «Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишига ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга» (4, 189) дейилган.
Шунингдек, тузукларда: «… ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин деб адолат амирини тайинладим» (2, 58), декларацияда эса: «Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга» (4, 185) деб таъкидланган.
«Темур тузуклари»да фуқароларимизнинг бурчлари ҳақида ҳам эслатиб ўтилади: «Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳгарчилик хизматига киришни истаса, уни аскарий (хизматга) олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бекриб, қилган хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар» (2, 67), шу сатрларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида учратиш мумкин: «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар» (3, 18).
Шунингдек, фуқароларимизнинг бурчлари ҳисобланмиш: «Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар» (3, 18) нормани «Темур тузуклари»да кўриш мумкин: «Хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш ва тушунтириш йўли билан ундирсинлар» (2, 72).
Тузукларга кўра: «Агар доруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин. Агар бирор кимсанинг гуноҳи исботлангандан сўнг ундан жарима олсалар, бошқа яна дарра билан урмасинлар. Агар дарра уриш билан жазоласалар, ундан жарима олмасинлар» (2, 74), Декларацияда эса: «Ҳеч ким, содир этилган вақтда миллий қонунлар ёки халқаро ҳуқуқларга кўра жиноят деб топилмаган хатти-ҳаракати ёки фаолиятсизлиги учун жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, жиноят содир этилган вақтда қўлланиши мумкин бўлган жазога нисбатан оғирроқ жазо берилиши мумкин эмас» (4, 186) дейилган.
Шунингдек, тузукларда: «… фатҳ этилган ҳар бир мамлакатдаги сипоҳийлар паноҳимга келсалар, уларни навкар қилиб жой берсинлар. У диёрнинг раиятини ёмон ҳодисалардан, қатл эттиришдан, асиру банд этилишидан ва таланишдан муҳофаза қилсинлар. Уларнинг мол-мулкини, буюмларини талон-тарождан сақласинлар. Ўша мамлакатдан тушган ўлжа молларни ҳисоб-китоб қилсинлар» (2, 96), Декларациянинг 5 ва 6-моддаларида эса: «Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак», «Ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқли субъект сифатида тан олинишига ҳақли» (4, 185).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Темур тузуклари» инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий кафолати, миллий-маънавий қадриятларимиз инсон ҳаёти, шаънини кафолатловчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. «Темур тузуклари» инсон ҳуқуқлари ва уларга амал қилишнинг йўллари, шарт-шароитларини кўрсатиб беришга доир бўлган таълимотдир. Бу таълимот ҳозирги кунда мамлакатимизда инсонпарвар, ҳуқуқий, демократик давлат қуриш шароитида янада чуқур маъно касб этмоқда.
Адабиётлар:
-
Каримов И. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Тошкент, 1993, 74-б.
-
Темур тузуклари. Форсчадан Алихон Соғуний ва Ҳабибулло Кароматов таржимаси. ЎзФА мухбир аъзоси, тарих фанлари доктори, профессор Б.Аҳмедов таҳрири остида. Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёт-матбаа бирлашмаси. 1991.
-
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Тошкент, Ўзбекистон, 2003.
-
Инсон ҳуқуқлари. Тошкент, Ўзбекистон, 1997.
Научный руководитель:
доктор философских наук, профессор Яхшиликов Журабой Яхшиликович.