Увага! Всі конференції починаючи з 2014 року публікуються на новому сайті: conferences.neasmo.org.ua
Наукові конференції
 

СПОРТ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ШАКЛЛАНТИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛИ СИФАТИДА

Автор: 
Актам Самадов (Самарқанд, Ўзбекистон)

Ҳозирги даврда миллий ғоянинг муҳим тамойилларидан бири – бу толерантликдир. Хусусан, толерантлик тамойилини амалдаги фаолиятини аҳоли ўртасида миллий, диний, ижтимоий бағрикенгликни яратиш, соғлом маънавий, жисмоний муҳитни яратишга бўлган ҳаракатда кўриш мумкин. Ёшларни баркамол, бағрикенг қилиб тарбиялаш учун муҳим соҳа бўлган оммавий спорт, жисмоний тарбияни шакллантиришдан бошланди. Жисмоний тарбия ва спорт кишиларнинг камол топтириш, улар ижтимоий-иқтисодий вазифалари ҳал этишда бағрикенг бўлишларини омилидир. Ҳозирги даврга хос бунёдкорлик ишларини ҳам ақлан, ҳам жисмоний баркамол кишиларгина муваффақиятли амалга оширадилар. Зеро “толеранликни тарбиялаш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири” дир.(1)

Фуқаролик жамияти ривожланиб бораётган давлатларда ҳар бир шахс ўз жисмоний баркамоллигини, барча имкониятларини тўла намоён қилиши мумкин. Хусусан, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт учун яратиб қўйган шароитда барча ёшларда бағрикенгликни шакллантириш ва уларда ўз имкониятларини тўлақонли амалга ошириш шароити яратилган. Бу тўғрисида Юртбошимиз шундай дейди: “Бу дунёда, қайси соҳада бўлмасин, бирон-бир ютуқ ва натижа ўз-ўзидан келмаслигини, ўйлайманки, барчангиз яхши англайсиз. Жумладан, спорт оламида ҳам юксак марраларни эгаллаш, ўз муродига етиш учун, аввало, мустаҳкам пойдевор, истеъдод ва интилиш, энг муҳими, кучли ирода, тинимсиз меҳнат ва шижоат кераклиги ҳеч кимга сир эмас” (2).

Спортнинг оммавийлиги ҳар томонлама баркамол шахсни тарбиялаш учун асосий шартлардан биридир. “Айнан спортда ғалаба имкониятларининг тенглиги, биринчи бўлишга интилиш, нафақат рақибини балки ўзини ҳам енгиш каби замонавий жамият учун муҳим бўлган қадриятлар яққол намоён бўлади”(3). Спорт изланишлари соҳаси анъанавий тиббий ва педагогик изланишларни фалсафий-тарихий ва ижтимоий изланишлар билан тўлдиради. Глобаллашув замонида ғоявий ёки мафкуравий курашиш, миллий рақобатчилик ўрнига оммавий спортни ривожлантириш, спортдаги дўстларча, мардларча курашиш сингари ахлоқий фазилатларни ривожлантириб инсонларда бағрикенгликни пайдо бўлишга асос бўлади.

Юртбошимиз жисмоний маданият ва спортни ривожлантириш нафақат инсонни танасини такомиллаштиради, балки инсоннинг ахлоқий фазилатлар билан бойитади деб таъкидлайди. “Спортчи уни қўрқув эмас, балки ахлоқий нормалар бошқараётганлигини тушунган пайтдан у мураббийга, дўстларига, ўртоқларига, спортчиларига қўрққани учун эмас, балки виждони буюргани учун хушмомилада бўлади. Спортни ривожлантириш жамиятимизда меҳр-мурувват туйғусини юксалтириш борасидаги мақсадимизга жуда катта ҳисса қўшади”(4).

Спорт билан шуғулланиш болаларда юксак ахлоқий фазилатларни шакиллантиради: бола меҳр-мурувватли бўлиб боради, қўполлик, бағриторлик, ҳасад каби иллатлардан йироқ бўлади, унда жамоавийлик, бағрикенглик, ўз гуруҳи ва машғулотларидан мағрурланиш, инсонийлик, ватанпаварлик ва миллатидан қатий назар бир Ватан байроғи остида ҳаракатлантиради. Соғлом ва бақувват авлодни вояга етказиш жуда кўп ижтимоий, ташкилий ва маънавий муаммолар билан боғлиқ эди. Бу муаммолар бирин-кетин ҳал қилина бошлади. Кун тартибида Ўзбекистонда янги бир йўналиш, спорт билан боғлиқ умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш зарурияти туғилди. Шунинг учун ҳам ўтган йигирма йил ичида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгандан сўнг қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, Қонунлар, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирларни тўғрисида”ги, “Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисидаги”ги, бошқа фармон ва қарорлар туб ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маънавий, ва маданий ўзгаришларни юзага келтирмоқда.

Спорт билан шуғулланиш иродани чиниқтириши, жисмоний жиҳатдан кучли бўлиши, соғломликни таъминлагани учун жамиятдаги барча унга интилиб, қизиқиб, боради. Спорт жисмоний маданиятни юксалтирадиган восита бўлиб, у ижтимоий-маданий жараённи ташкил қилади ва натижаси ўлароқ тинчлик, дўстлик, ёшларда бағрикенгликни шакллантирадиган, ахлоқий сифатларни шакллантирадиган полифункционал ижтимоий фаолият ҳисобланади.

Тадқиқотчи А.Абдуллаев ва Ш.Хонкелдиевларни фикрича, “Спортчи” сўзи талаффуз этилганда кўз ўнгимизда нафақат кучли, чидамли ва чаққон ҳамда қадди қомати келишган йигит ёки қиз образи гавдаланибгина қолмай, иродали, тўғри, хақ сўзли, ҳаётга доимо яхши умид билан қарайдиган, оптимистик, ҳар қандай қийинчиликларни осон енгувчи, камтарин ва ўз ютуқларига хотиржам инсонни тушунамиз (5). Бундан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, биринчидан, спорт жамият манфаати учун хизмат қиладиган ижтимоий фаолият бўлиб, бағрикенгликни шакллантиришда ўзига хос йўлни танлайди;

иккинчидан, спорт жамиятда бефарқлик, лоқайдлик каби иллатларни бартараф этиб, индивидларда жисмоний ва ижтимоий бағрикенгликни яхлитлаштириб, коструктив фаолиятни олиб боради;

учинчидан, спорт орқали толерантлик маданияти шакллантирилса, кишилараро, миллатлараро, давлатлараро муносабатларда тенглик, ҳамдардлик, ўзаро ҳурмат, урф-одатларга, сўзлашув тилларни хилма-хиллигига сабр-тоқат ва ҳурмат, манфаатлар интеграцияси юз беради.

Соғлом ва баркамол авлод тарбиясида ўтган давр мобайнида ва ёшларда юксак ахлоқий идеални ривожлантириш мақсадида «Баркамол авлод йили» давлат дастурига биноан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошланган катта ишларимизнинг ҳеч сусайтирмасдан давом эттириш, айниқса, болалар спортини янада ривожлантириш, ҳар қайси шаҳар ва қишлоқда давр талабига жавоб берадиган спорт мажмуалари ва стадионлар бунёд этиш, уларни замонавий спорт анжомлари, юқори малакали спорт устозлари ва мураббийлар билан таъминлаш масалалари кенг ўрин олиши алоҳида таъкидланган. Спортнинг шаклланиб, оммалашиб бориши маънавий-ахлоқий интеграцияни кучайишига, халқаро, миллатлараро бағрикенгликни шаклланишига сабаб бўлмоқда. Айниқса республикамизда спорт ва оммавий соғлом турмуш тарзини яратиш ишларини олиб борилиши толерантлик тамойилини янада устуворлигини таминламоқда.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қодирова З.Р ва бошқалар. Ёшлар ижтимоий фаоллиги ва толерантлигини юксалтиришнинг ижтимоий-фалсафий масалалари. – Тошкент: Фалсафа ва ҳуқуқ, 2006 – 22 б

  2. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш-бизнинг олий мақсадимиз.- Тошкент: Ўзбекистон, 2009 – 235

  3. Хосе Ортега-и-Гассет. Что такое философия? – М.: Наука, 1991. – С.524

  4. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз, ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимизга ва қатъий иродамизга боғлиқ. 12-Т.-Т.: Ўзбекистон, 2004 – 294 б

  5. Абдуллаев А., Хонкелдиев Ш.Х. Жисмоний тарбия назарияси ва методикаси. – Фарғона: Университет нашриёти. 2001.- 31-б

 

Научной руководитель:

доктор наук философии, проф:Гайбуллаев Отабек Мухаммадиевич.