Автор:
Сардор Қувватов (Самарқанд,Ўзбекистон)
Ўрта аср Шарқидаги вужудийён номи Билан машҳур бўлган пантеизм Яқин ва Ўрта Шарқ Уйғониш даври ҳаётида кенг тарқалди. Буюк шарқ мутафаккири Абу Наср Фаробий ўрта асрлар Мусулмон Шарқ фалсафасида пантеистик йўналиш асосчиларидан бири бўлиб, у вужудийён таълимотига асос солди.
Борлиқ, унинг тузилиши ва категориялари масалалари Фаробийнинг “Уюнул масоил” (“Масалалар манбаи”), “Китобал жадвал” (“Мунозара китоби”), “Акциденция ва жисмлар мавжудлигининг ибтидоси ҳақида” рисолаларида айниқса мукаммал баён этилган. Бу муаммолар, шунингдек, “Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари китоби” да, “Китоб жавоми ассиёсат” (“Умумий бошқариш китоби”) рисолаларининг биринчи қисмларида ўз аксини топган.
Фаробий фикрича, борлиқ олти босқичдан иборат бўлиб, бу босқичлар, айни вақтда, бутун мавжуд нарсаларнинг асосидир, улар бир-бири билан сабаб ва оқибат муносабатлари билан боғланган. Бу босқичлар қуйидагилардан иборат: биринчи босқич – биринчи сабаб, иккинчи босқич – иккинчи сабаб, учинчи босқич – учинчи сабаб – фаол ақл, тўртинчи босқич – тўртинчи сабаб – жон (ан нафас), бешинчи босқич – шакл, олтинчи босқич – материя [1].
Мавжуд нарсаларнинг ҳаммаси шу олти асос (ибтидодан) келиб чиқади. Сабаб (ёки асос) лар ўз характери, принсиплари ва имконларига кўра икки турга бўлинади. Биринчи турга – моҳиятидан уларнинг мавжудлиги зарурийравишда келиб чиқмайдиган нарсалар киради. Булар “вужуди мумкин” деб аталади. Иккинчи турга – моҳиятидан уларнинг мавжудлиги ҳамма вақт ва зарурийравишда келиб чиқадиган нарсалар киради. Бу “вужуди вожиб”, яъни ўз-ўзича мавжуд нарсалар деб аталади. “Вужуди мумкин” мавжуд бўлиши учун бирор сабабга муҳтождир. У “бошқа нарса туфайли вужудга келади”. Нарсаларнинг сабабий оқибат боғланиши пировардида қандайдир зарурий нарсага, яъни “вужуди вожиб”га, биринчи сабабга етиши керак. Бу фикрлардан Фаробий биринчи сабаб – Худо мавжуд деган хулосага келди. Биринчи сабабдан ташқари қолган яна бешта сабаб (асос, босқич) еса “вужуди мумкин” турига киради.
Фаробий мазкур олтита асосларнинг ҳаммаси бир ёқлама, пастга қараб борувчи, сабаб-оқибат орқали ўзаро боғланганлигини таъкидлади. Шунингдек, “вужуди вожиб” (биринчи сабаб) ва “вужуди мумкин”га бўлинадиган сабаблардан сўнгги учтасигина жисмлар Билан боғлиқлигини алоҳида таъкидлаш жоиз, яъни ё жисм ҳолида мавжуд бўлади, ёки уни ташкил қилади, ёхуд жисм билан боғлиқ ҳолда мавжуд бўлади.
Фаробий биринчи сабабни Худо деб билади. У – яккадир. Қолган бешта сабабга кўплик хосдир. Биринчи сабабдан иккинчи сабаблар ташкил топади ва улар осмоний жисмларнинг вужудини ташкил этади ҳамда ўз табиатига кўра ердаги жисмлардан фарқ қилади [2]. Бу фикрдан эса иккинчи сабаблар қанча бўлса, осмоний жисмлар ҳам шунча деган хулосага келиш мумкин.
Учинчи сабабни қандайдир мавҳум фазовий ақл ташкил этади. Унинг вазифаси эса инсонга ғамхўрлик қилиш, шунингдек, уни комиллик даражасига етказишдан иборат бўлади.
Тўртинчи, бешинчи ва олтинчи сабаблар моддий нарсалар Билан боғлиқдир.
Фаробийнинг борлиқ ҳақидаги таълимоти неоплатонизмнинг эманацион назарияси таъсирида шаклланганлигини кўришимиз мумкин. Бироқ неоплатонизмда материя – илоҳий нурланишнинг сўниш чегараси, зулмат, жаҳолат, фалокатда намоён бўлди. Файласуфнинг фикрича, материя – табиат мазмуни, ҳаёти ва абадийликнинг субъектида кўринади. Шунинг учун материя туфайли илмлар вужудга келади. Лекин шу ўринда неоплатонизм ва Фаробий қарашлари ўртасида бироз фарқ юзага келади. Неоплатонизмнинг асосчиси Плотон асарларида материя нофаол мавжудот деб талқин этилади. Фаробий фикрича, материя – фаол. У ўз-ўзидан янгиланиб, ўзгариб турувчи вужуддир. Моддий жисмларга ўзгариш, ҳаракатланиш, янгиланиш қонуниятлари хосдир.
Фаробий борлиқ ҳақидаги фикрларнинг шаклланишида Қадимги Юнонистон фалсафасининг таъсири сезилиб туради. Айниқса, Аристотел қарашларининг кейинчалик Фаробий фалсафасида кўриниши буни тасдиқлаб беради. Фаробий таълимотича, ер ва осмон сатҳлари жисмлик, яъни моддийлик хоссасига эга. Моддий буюмлар ёки жисмлар олтитурга бўлинадилар: осмон жисмлари, ақлли ҳайвон, ақлсиз ҳайвон, ўсимликлар, минераллар ҳамда тўрт унсур, яъни олов, сув, ҳаво ва тупроқ [3].
Тўрт унсур жисмлик ва моддийликнинг, шунингдек, бошқа ҳамма жисмларнинг асоси ҳисобланади ва материянинг энг оддий турларидир. Жисмларнинг қолган беш тури эса ана шубирламчи унсурларнинг турлича қўшилиши натижасида вужудга келган. Форобий Аристотел сингари осмоний жисмлар, осмоний сатҳлар табиатини ер жисмлари ва тўрт унсур табиатидан фарқлайди. Фаробий фикрича, бешта материя мавжуд. Улар тупроқ, сув, ҳаво, олов ва осмон. Аристотел осмон жисмларини алоҳида модда – эфир деб атаган. Фаробий эса осмон жисмларининг ўзига хослигини фақат уларнинг тузилишида кўради. Бошқа жиҳатдан қараганда улар умумийдир. Бу умумийлик моддийликда намоён бўлади.
Ҳаракат тўғрисидаги масалаларни Фаробий Аристотел нуқтаи назаридан туриб тушунтириб берди ва ҳаракатни жисмларнинг ўзаро ўриналмашишида деб билди. Мураккаб жисмларнинг ҳаракати уларда бирор оддий жисмнинг кўп-озлигига тўрт унсур (тупроқ, сув, ҳаво, олов)нинг қандайлигига боғлиқ бўлади.
Фаробийнинг фалсафий қарашларида субстанция ва акциденция категорияларига берилган эътибор алоҳида аҳамият касб этади. Субстанция материя тушунчасига жуда яқин туради ва у нарсаларнинг моҳиятини ифодалайди. Масалан, осмон, юлдузлар, ер ва унинг таркибий қисмлари: сув, тошлар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг турли хиллари – субстанциялардир.
Фаробий акциденция тушунчасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Уакциденция деб, нарса-буюмларнинг ҳар хил ўзгарувчан сифат, белги ва хусусиятларини тушунади. Шундай қилиб, субстанция нарсаларнинг моҳиятини, акциденция эса субстанциянинг турлича кўринишларда намоён бўлишини ифодалайди. Акциденция мустақил ҳолда яшайолмайди ва у ўткинчидир. Шунингдек, акциденция бир неча турга эга: миқдор, сифат, муносабат, замон, ўрин, ҳолат, ҳаракат ва бошқалар.
Субстанция ва акциденция ҳақидаги мулоҳазалар давомида Фаробий жисмларнинг сақланиши, ҳаракати, кўплиги ва хилма-хиллиги, ўзгарувчанлиги шакл ва акциденциянинг ўткинчи бўлиши ҳақидаги хулосага келди.
Шундай қилиб, Фаробий Мусулмон Шарқи фалсафасининг ривожида ўчмас из қолдирди. Айниқса, унинг пантеистик қарашлари акс этган вужудийён таълимоти борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг келиб чиқиши, ҳаракати, тузилиши, ўзаро алоқадорлиги кабимасалаларга жавоб бера олди. Аристотел қарашлари ва неоплатонизм Билан уйғунлашган мазкур таълимот ўз навбатида онтологик муаммоларнинг ечимини берди.
Адабиётлар:
1. М. Хайруллаев. Ўрта Осиёда IХ-ХII асрларда маданий тараққиёт. Т.: “Ўзбекистон”, 1994. 36-бет.
Научной руководитель:
доктор наук философии, проф:Яхшиликов Журабек Яхшиликович.